Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Uzbekistan Airways авиакомпанияси биринчи Airbus A321LR ҳаво кемасини кутиб олди

Чоп этиш Саҳифани улашиш
14.02.2022 5464 Yangiliklar

 

Бугун, 14 февраль куни “Тошкент” аэропортининг маҳаллий авиайўналишлар терминалида биринчи A321LR ҳаво кемасини тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Гамбург шаҳридан учиб келган илк A321LR ҳаво кемасини анъанага кўра сув аркаси билан кутиб олинди. Тадбирда “Uzbekistan Airways” АЖ раҳбарияти ва ходимлари, оммавий ахборот воситалари, блогер, споттерлар, шунингдек, фахрий меҳмонлар иштирок этишди.

UK32101 рўйхатга олиш рақамини олган самолёт Airbus заводларидан бири жойлашган Гамбург шаҳридан (Германия) 5 соату 30 дақиқа давом этган тўғридан-тўғри парвоз амалга оширди. Ҳаво кемаси Uzbekistan Airways экипажи Дилявер Карабаш ва Шохрух Раҳимов бошқарувида олиб келинди.

Uzbekistan Airways авиакомпанияси Марказий Осиёда Airbus нинг узоқ масофага мўлжалланган маҳсулотининг биринчи оператори бўлади. Биринчи самолёт 188 йўловчига (бизнес-классдаги 16 ўрин, эконом классида 172 ўрин) мўлжалланган ва CFM International LEAP-1A двигателлари билан жиҳозланган. Авиакомпания ўзининг биринчи A321LR ҳаво кемасини маҳаллий ва халқаро йўналишлар бўйича фойдаланишни режалаштирмоқда.

Uzbekistan Airways Airbus билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни 1993 йилда бошлаган бўлиб, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси ва ҳозирда “Uzbekistan Airways” АЖ А310 ҳаво кемасидан бошлаб Ғарбда ишлаб чиқарилган замонавий самолётлар парки билан янги даврга кириб келган минтақадаги биринчи авиакомпания бўлди. Uzbekistan Airways авиакомпанияси ҳар доим авиация корхоналари билан яқин алоқада бўлиб келган бўлса, кейинги йилларда А310 ва бошқа турдаги ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш бўйича ўз имкониятларига эга бўлди. Ушбу муваффақиятнинг иккинчи муҳим омили 2010 йилда хизматга киришган А320CЕО танлови бўлса, 2019 йилда эса авиакомпания авиапаркига қўшилган А320NEO бўлди.

“Авиакомпаниянинг яқин келажакдаги режалари – яқин ва узоқ хориж мамлакатларига парвозлар географиясини кенгайтириш, шунингдек, янги ва қулай самолётларни сотиб олиш орқали авиапаркини кенгайтириш бўйича фаол иш олиб бормоқда. Бунинг яққол мисоли бу йил охиригача қабул қилиб олинадиган бешта Airbus самолётларига буюртма берилишидир” –, дейди “Uzbekistan Airways” Акциядорлик жамияти Бошқарув раиси Илҳом Маҳкамов.

Тадбир давомида иштирокчилар, ОАВ вакиллари янги замонавий Airbus А321neo авиалайнери ва унинг техник хусусиятлари билан яқиндан танишишди.