Куни кеча Бокуда Туркий Кенгаш доирасида транспорт соҳасидаги ҳамкорлик масалалари бўйича уч кунлик Ўзбекистон – Озарбайжон – Туркия маслаҳатлашувлари якунланди.
Маслаҳатлашувларда Ўзбекистон ва Озарбайжон транспорт ва божхона идоралари делегациялари ҳамда Туркиянинг халқаро ташувчилар ассоциацияси (UND) иштирок этди.
Транспорт вазирлиги, давлат божхона қўмитаси ва Ўзбекистон халқаро автомобиль ташувчилар ассоциацияси (AIRCUZ) вакилларидан иборат Ўзбекистон делегациясига Транспорт вазири ўринбосари Абдусамат Мўминов раҳбарлик қилди.
Тадбир Туркий Кенгашга аъзо давлатлар ўртасида транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолатини, Транскаспий халқаро транспорт йўналишининг рақобатбардошлигини ошириш масалаларини муҳокама қилиш, шунингдек, автомобиль транспортида халқаро ташувларни амалга ошириш доирасидаги ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш мақсадида ташкил этилди.
Делегация маслаҳатлашувларида Озарбайжон транспорт вазири ўринбосари Рахман Хумматов, божхона қўмитаси раиси ўринбосари Жавад Гасимов, иқтисодиёт вазири маслаҳатчиси Эмил Маджидов, "Озарбайжон Каспий кемасозлиги" АЖ раиси Рауф Велиев, Боку халқаро денгиз савдо порти Бош директори Талех Зиёдов билан учрашувлар бўлиб ўтди.
Делегация вакиллари, шунингдек, Алатдаги Боку халқаро денгиз савдо портига ташриф буюрди. Мазкур порт барча Каспий бўйи мамлакатлари билан денгиз савдосини қўллаб-қувватлаган ҳолда Волга-Дон ва Волга-Болтиқ каналлари орқали жаҳон бозорларига чиқиш имкониятини беради.
Бўлиб ўтган учрашувларда Туркий Кенгаш бош котибининг ўринбосарлари Мирвоҳид Азимов ва Гисмат Гозалов жорий йилнинг 31 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркий кенгашнинг видеоанжуман шаклида ўтган норасмий саммитида Марказий Осиё ҳудуди орқали дунёнинг асосий бозорларига, жумладан, Хитой, Ҳиндистон, Покистон ва Осиёнинг бошқа мамлакатларига, Озарбайжон ва Туркиядан Европа давлатларига чиқиш муҳимлигини алоҳида таъкидлаганини қайд этиб ўтишди.
Шу нуқтаи назардан, бугунги музокаралар давлат раҳбарларининг транспорт йўлакларини ривожлантириш ва логистика инфратузилмасини яратиш бўйича йирик лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш бўйича топшириқларининг бажарилишига хизмат қилади.
Маслаҳатлашувлар чоғида томонлар Транскаспий коридори орқали қулай шарт-шароитлар яратиш ва юкларни ташиш ҳажмини ошириш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Хусусан, томонлар Каспий денгизи орқали Ro-Ro усулида ташиш, қўшимча рухсатномалар бериш, транзит ташиш тўловларини ўзаро бекор қилиш, йўл ва бошқа тўловларни минималлаштириш бўйича хизматлар нархига чегирмалар қўллаш имкониятини муҳокама қилдилар.
Тадбир доирасида Озарбайжон томони мамлакатда транспорт ва транзит операцияларини оптималлаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Учрашувлар натижасида томонлар "e-TIR" пилот лойиҳаси иштирокчиларини кенгайтириш ва Туркий Кенгашга аъзо мамлакатлар ўртасида "e-Permit" электрон тизимини жорий этиш орқали йўл-транспорт тизимини рақамлаштиришни жадаллаштириш бўйича ҳам келишувга эришдилар.
Делегациялар, шунингдек, Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасида халқаро автомобиль ташувлари тўғрисида ҳукуматлараро битим лойиҳасини муҳокама қилдилар ва унинг алоҳида қоидалари бўйича умумий тушунчага эришдилар.