Жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб, халқаро йўналишларда қатнайдиган барча Ўзбекистон йўловчи поездларига ҳам электрон рўйхатдан ўтиш жараёни жорий этилади. Бошқа сўз билан айтганда, энди халқаро йўналишдаги поездларга ҳам темир йўл кассасига бормасдан принтерда чоп этилган электрон чипта билан тўғридан-тўғри поездга чиқиш мумкин
Шунингдек, тез кунларда “Е- ticket” электрон темир йўл чипталарини сотиб олиш тизимини халқаро тўлов тизимлари билан интеграцияси ҳам амалга оширилади. Бу эса, дунёнинг кўплаб кредит ва дебит карталарига хизмат кўрсатиш имкониятини яратади. “Ўзтемирйўлўловчи” АЖ маълум қилишича шунингдек, жорий йилнинг 1 март санасидан бошлаб электрон чипталарни расмийлаштиришда комиссион йиғимлар миқдори ҳам камайтирилади, яъни:
1. “Афросиёб” юқори тезликдаги пойездлари ва барча бошқа маҳаллий йўналишлардаги пойездларга – 16 000 сўм;
2. Барча давлатлараро (“Озбекистон темир йўллари” АЖ ва бошқа МДҲ давлатларининг таркибий) пойездларига – 56 000 сўм;
3. 001/002-сонли давлатлараро Тулпар-Талго пойездга (Олмаота – Тошкент – Олмаота) – 38 000 сўмни ташкил этади.
ИЗОҲ: Электрон чипта бу, Интернет орқали маълум босқичлардан (тўлиқ исмни киритиш, шахсингизни тасдиқловчи ҳужжатнинг серияси ва рақами – паспорт, хорижга чиқиш паспорти, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ва ҳ. к. ) ўтиб, Сиз харид қилган йўл хужжатидир. Тўлов амалга оширилганидан сўнг поезддаги жой дарҳол сиз учун ажратилади ва у фақат сизники. Сиздан фақат А4 форматида принтерда чиқарилган электрон чипта бўлиши талаб этилади. Энг муҳими, чиптада кўрсатилган ҳарфлар ва рақамлар аниқ ва равшан акс эттирилиши лозим.
Эслатиб ўтамиз, электрон чипталарни расмийлаштиришда маълумотларни тўғри киритилиши ҳамда фуқароларнинг давлатга кириш ва чиқиш паспорт-виза қоидаларидан хабардор бўлишга йўловчининг ўзи жавобгар бўлади.
Электрон чипталарни сотиб олиш билан боғлиқ барча саволлар билан +998712997984 телефон рақамига мурожаат қилишингиз мумкин.