Давлатимиз раҳбарининг бевосита топшириқларига асосан мамлакатимиз бўйлаб ишончли транспорт ва транзит йўлакларини изчил шакллантириш масалаларига бугун алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, барқарор фаолият юритувчи транспорт - коммуникация тизими мамлакат иқтисодиётини юқори суръатларда ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунда барча транспорт турларининг имкониятларидан унумли фойдаланган ҳолда мультимодал ташувлари орқали юкларни энг қисқа масофа бўйлаб, оптимал нархларда белгиланган манзилига етказиб беришни ташкил этиш ҳозирги пандемия шароитида тобора долзарб масала бўлиб қолмоқда.
Бугун, 5 июнь куни Хитойнинг Ланьчжоу шаҳридан 25 та 40 футли контейнерларда экспорт юки ортилган поезд “Ланьчжоу – Қашғар – Иркештом – Ўш – Андижон – Тошкент – Мари” йўналишида мультимодал транзит ташувни амалга ошириш учун йўлга чиқди.
Мазкур йўналиш бўйлаб мультимодал юк ташувларини йўлга қўйиш «Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой» автомобиль коридори имкониятларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш борасида олиб борилаётган ишларнинг натижасидир.
Эслатиб ўтамиз, “Ланьчжоу – Қашғар – Иркештом – Ўш – Андижон – Тошкент – Мари” йўналиши бўйлаб илк мультимодал транзит юк ташуви жорий йилнинг май ойида амалга оширилган эди. Йўналиш бўйлаб юк ташуви “темир йўл транспорти – автомобиль транспорти – темир йўл транспорти” схемасида ташкил этилган эди. Илк жараённинг ўзиёқ «Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой» автомобиль коридори имкониятлари ниҳоятда катта эканлигини намойиш этди.
Бошқа давлатлар юкларини жалб қилган ҳолда бу каби мультимодал ташувларни ташкил этиш бир нечта давлатларнинг халқаро транспорт ва савдо тизимларига муваффақиятли интеграциясига хизмат қилади.