Хабарингиз бор, Республикамиз бўйлаб “Яшил макон” умуммиллий лойҳаси доирасида дарахт ва бута кўчатларини экиш ҳамда яшил майдонларни кўпайтириш ишлари жадал олиб борилмоқда. Мазкур жараёнда Транспорт вазирлиги ҳамда унинг тизим ташкилотлари ходимлари ҳам фаол иштирок этишмоқда.
Лойиҳа асосида эълон қилинган “Долзарб 40 кунлик” тадбири доирасида Транспорт вазирлиги марказий аппарати ходимлари ҳам наъмуна кўрсатмоқда. Бугун пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида жойлашган 140 - сонли мактабгача таълим муассасаси ҳудудида янги боғ барпо этишга киришилди.
Вазирлик ходимлари томонидан олиб борилган ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш ишлари давомида боғча ҳудудига 200 туп манзарали дарахт кўчатлари ўтказилди.
“Халқимизда, “Яхшидан боғ қолади” деган нақл бежизга айтилмаган. Бугун биз эккан ниҳоллар, келажакда униб-ўсиб боғча ҳудудига кўрк бағишлаши билан бир қаторда, атроф-муҳит экологиясининг яхшиланишига ҳам ҳисса қўшади. Ушбу ҳудудда бунёд бўладиган боғ бизнинг келажак авлодга муносиб туҳфамиздир”,–деди Транспорт вазирлиги бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси раиси Ф.Нарходжаев.
Бугун юртимиз бўйлаб кенг миқёсда ўтказилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Транспорт вазирлиги ва тизим ташкилотлари томонидан ҳозирга қадар 6300 тупдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт ҳамда бута кўчатлари экилди. Амалга оширилаётган бу каби тадбирлар ҳудудлар қиёфасини обод этиш баробарида, табиатни асраш, экологик мусаффоликни таъминлашга кўмак бериши билан аҳамиятлидир.