Маълумки, мамлакатимиздаги энг йирик лойиҳалардан бири бўлган ер усти метро қурилиши пойтахтимизда босқичма-босқич давом эттирилмоқда.
Хусусан, Президентимизнинг 2017 йил 19 майдаги “Тошкент шаҳрида ер усти метро линияларининг қурилиши” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг “Кўприкқурилиш трести” унитар корхонаси ва тармоқнинг бошқа бир нечта бошқармаларидан иборат тажрибали мутахассислари томонидан ер усти метросининг 2-босқичи “Қўйлиқ – Қурувчилар” йўналишининг 7-бекатдан 12-бекатгача бўлган 8, 5 километрлик участкасида қурилиш ишлари жадаллик билан амалга оширилмоқда.
Жумладан, хозирги вақтда 3 та бекат қурилиши якунланмоқда. Шунингдек, участка бўйлаб лойиҳада белгиланган жами 285 та хандақ (котлован)дан 274 таси (94 фоиз), бир ярусли 285 та пойдевордан 274 таси (94 фоиз), икки ярусли 285 та пойдевордан 274 таси (94 фоиз), уч ярусли 285 та пойдевордан 274 таси (94 фоиз), 285 та темир-бетон кўндаланг устундан 273 таси (90 фоиз), 285 та темир-бетон кўндаланг ригелдан 292 таси (90 фоиз), 1704 та темир-бетон балкадан 1577 таси (90 фоиз) ўрнатилди.
Қўйлиқ бозоридаги 7-бекатдан 8, 9 ҳамда 10-бекатлар Миробод ҳамда Сергели туманидан ўтган Тошкент ҳалқа автомобиль йўли ёқасида жойлашган бўлиб, айни пайтда мутахассислар томонидан 7-бекатдан 10-бекатгача бўлган масофада қурилиш жараёнининг барча темир-бетон ишлари тугатилиб, янги ва мустаҳкам релслар тўлиқ ўрнатиб бўлинди. 8-бекат Қўйлиқ-1 мавзесида жойлашган бўлиб, йўлнинг ўнг томони кўп қаватли уйлар бўлса, чап томонида аҳоли хонадонларидан иборат катта-катта маҳаллалар жойлашган.
Арзон, хавфсиз ва тезкор транспорт тизимига жуда катта эҳтиёж бўлган бу ҳудудда метро бекатининг қурилиши шу ерда яшаётган аҳоли учун қувончли воқеа бўлмоқда. Бугунги кунгача 8-бекатда асосий ишларнинг қарийб 95 фоизи бажариб бўлинди. Мазкур бекат 2 қаватдан иборат бўлиб, биринчи қаватда жами 28 та хона қурилди, уларда махсус электр энергияси, алоқа тизими ҳамда ёнғин хавфсизлиги хоналари, шунингдек, тиббиёт пункти, ишчи-ходимлар хонаси ва касса мавжуд. Перрон эса 2-қаватда бўлиб, умумий узунлиги 105 метрдан иборат. Қурувчилар томонидан бу ерда том ёпиш ишлари тугатилиб, ички-ташқи фасадни пардозлаш, бекат ён-атрофини ободонлаштириш, электр энергияси, сантехника ва алоқа ишларини монтаж қилиш сўнгги босқичда давом этмоқда.
9-бекат Қўйлиқ-4 ҳамда Қўйлиқ-5 мавзеларида жойлашган бўлиб, ҳозиргача энг кўп иш қилинган бекат бўлиб турибди. Бу ерда асосий қурилиш ва пардозлаш ишларининг қарийб 99 фоизи якунига етган. Биринчи қаватдаги барча хизмат кўрсатиш ва техника хоналари тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, 2-қаватдаги перрон қисмида ҳам замонавий ва мустаҳкам, узоқ муддатга чидамли мармар маҳсулотларидан фойдаланилди. Том қисмини барпо этишда ҳам шаҳримиз иқлимига мос иссиқ ва совуқдан сақловчи қурилиш маҳсулотларидан фойдаланилган. Пештоқларга ҳам кўркам дизайнга эга чидамли ва мустаҳкам безакли маҳсулотлар ўрнатилди.
Бекат атрофи ободонлаштирилиб, манзарали кўчатлар, анвойи гуллар, кўркам брусчаткалар билан безатилди. Ушбу йўналишнинг 10-бекати Сергели туманидаги Қўйлиқ-7 мавзесида жойлашган бўлиб, метро йўналишининг Тошкент вилояти Зангиота туманидаги Хонобод кўчасига бурилиш яқинида жойлашган. 10-бекатда ҳам асосий қурилиш ишлари тугатилиб, сўнгги пардозлаш ишлари амалга оширилмоқда. Бугунги кунгача бу бекатда ҳам асосий ишларнинг қарийб 98 фоизи якунига етай деб қолди. Ушбу ҳудудда ҳам кўп қаватли аҳоли турар жойлари ниҳоятда кўплиги боис фойдаланувчи йўловчилар сони ҳам кўп бўлиши кутилмоқда.
8, 9 ҳамда 10-бекатлардаги қурилиш жараёни ва сўнгги пардозлаш ишларини кузатиб, кенг, ёруғ ва кўркам ҳар бир бекат ўзига хос дизайнда, айниқса, биноларнинг ташқи қопламаси сифатли ва ҳар қандай об-ҳавога чидамли мармар ва бир-бирига ўхшамаган кўркам рангдаги кафел маҳсулотлари билан безатилганига гувоҳ бўлдик. Бекатларнинг 2-қаватдаги перрон қисми кўриниши ҳам бир-бирини такрорламайди. Дизайни, қурилиш маҳсулотларининг тури ва рангида фарқ бор. Бу эса бекатларнинг ўзига хос кўринишга эга бўлганидан далолатдир. Ҳар бир бекатда ёнғин хавфсизлиги йўлаги ташкил этилди. Мавжуд 3 та бекатда замонавий лифт ва эскалаторлар ҳам ўрнатилди.
7-бекатдан 10-бекатгача бўлган метро йўналишида барча пойдевор, темир-бетон устун ва балкалар тўлиқ ўрнатилиб, икки йўналишга 8 минг 700 метр янги темир йўл релслари ётқизилди. Айни пайтда бу ҳудудларда Йўл хўжалиги бошқармаси тасарруфидаги корхоналар йўлсозлари томонидан релсларни мустаҳкамлаш ишлари бажарилмоқда. Энергетиклар электр симларини ўрнатишяпти. 7-бекатдан 10-бекатгача бўлган мустаҳкам темир-бетон конструксияларни кўркам кўринишга келтириш учун бўяб чиқилмоқда.
Лойиҳанинг Тошкент ҳалқа йўлидан пойтахт вилоятининг Зангиота туманидаги Хонобод кўчасига бурилиш қисмидаги монолит усулида бунёд этилаётган эстакада йўлида эса қурилиш ишлари якунланди. Шунингдек, Хонобод кўчасидаги метро йўналишида пойдевор, темир-бетон усунлар, ригеллар ҳамда балкаларни ўрнатиш ишлари ҳам якунланяпти. 11-бекат биносининг ички ва ташқи деворларининг сувоқ ишлари ҳамда Қипчоқ кўчасидаги 12-бекатда 85 фоиз ишлар бажарилиб, том ёпиш, ички ва ташқи деворларда сувоқ ишлари олиб борилмоқда.
Тошкент ер усти ҳалқа метро йўналишининг 2-босқичида амалга оширилаётган қурилиш ишларига 116 та техника, машина ва механизмлар ҳамда 2 минг 650 нафарга яқин малакали муҳандис ва ишчи-ходим жалб қилинган. Ишчи-қурувчилар кунига уч маҳал иссиқ овқат билан таъминланган. Уларнинг меҳнат муҳофазасига қатъий амал қилган ҳолда фаолият кўрсатиши назоратга олинган. Қурилиш объектига зарур маҳсулотлар ҳам ўз вақтида етказиб берилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ер усти метросини қурилиши жараёнида бажарилаётган ишларнинг сифати бўйича Давлат архитектура ва қурилиш назорат инспексияси ҳамда “Ўздавтемирйўлназорат” инспекцияси томонидан мунтазам назорат олиб борилмоқда. Мутахассислар фикрига кўра, йер усти метро йўналишининг 2-босқичидаги 5 та бекат қуриш ва 8, 5 километрлик участка йўлларида пўлат излар ўрнатиш ишлари жорий йил якунига қадар якунланиши белгиланган. Мазкур йўналиш бир кунда 40 мингга яқин йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлади.
Ушбу босқич қуриб битказилиши билан Тошкент метрополитенининг жами узунлиги 70 километрдан зиёд бўлади. Бекатлар сони 50 тага етади. Метрода юрувчи кунлик йўловчилар сони 600 минггача ошади. 245 та янги иш ўрни яратилиб, метро ҳаракатининг таннархи, аҳолининг жамоат транспортига харажати ва кутиш вақти сезиларли қисқаради.