Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Янги рақамли платформа ишга туширилди

Чоп этиш Саҳифани улашиш
27.09.2021 11606 Yangiliklar

 

Ташқи савдо операциялари ҳажмини ошириш, бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, Ўзбекистонда янги ва замонавий омборлар ҳамда логистика марказлари қурилишига хорижий инвестицияларни жалб қилиш, транспорт ва логистика соҳасига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон логистика уюшмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги кўмагида "Ўзбекистон омборлари ва логистика марказлари" рақамли платформаси яратилди. (www.skladi.uz)

Рақамли платформанинг асосий вазифаси миллий ва хорижий савдо ва инвестиция компаниялари томонидан Ўзбекистон омбор ва логистика марказлари хизматларига бўлган талабнинг тобора ортиб бораётганини қондиришдан иборат.

"Ўзбекистон омборлари ва логистика марказлари" рақамли платформаси республика ҳудудида мавжуд омборлар ва логистика марказларининг жойлашуви тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади. Ушбу платформа орқали Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар тадбиркорлари товарлар номенклатураси бўйича омбор ёки логистика маркази (қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари, маиший техника, фармацевтика маҳсулотлари ва ҳ.к.) ихтисослашуви, шунингдек,  ёпиқ ва очиқ омборлар ҳудудида бўш жойлар, шу жумладан,  қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва тез бузиладиган товарлар учун музлатгичли омборлар мавжудлиги тўғрисида бепул маълумот олиши мумкин.

Ушбу платформа омборлар ва логистика марказлари эгалари ва ўз маҳсулотларини жойлаштириш ҳамда сақлаш учун бўш жойларни қидирадиган тадбиркорлар манфаатларига тенг хизмат қилади.

Шу билан бирга, "махсус таклифлар" алоҳида функцияси мавжуд бўлиб, омборлар, омбор ускуналари, юклаш ва тушириш ускуналарини сотиш, ижарага олиш ва сотиб олишни, шунингдек, сақлаш учун аризаларни қабул қилишни назарда тутади.

Мазкур ахборот майдончаси "ягона дарча" тамойилларига жавоб беради, унда транспорт ва савдо логистикаси иштирокчилари электрон шаклда  бир жойда товарларни сақлаш билан боғлиқ зарур ахборот ва хизматларни кўришлари ва олишлари мумкин.

Ушбу ахборот ресурси ишлаб чиқариш ва савдо компаниялари, тадбиркорлар (юк эгалари) ва транспорт компаниялари (ташувчилар),  шунингдек, юкларни экспедиторлик, суғурта қилиш ва божхона расмийлаштируви билан боғлиқ хизматлар кўрсатувчи компаниялар ва ташкилотлар учун фойдалидир.

Транспорт вазирлиги мутахассислари билан ҳамкорликда ташкил этилган рақамли платформа самарали транспорт ва омбор хизматларини ташкил этиш, транспорт ва логистика компаниялари фаолияти учун рақобат муҳити ва қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, юк ташиш тизимини такомиллаштириш ва ривожлантиришга хизмат қилади.

Шу билан бирга, мазкур платформа Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган омборлар ва логистика марказлари, уларнинг ҳажми ва ихтисослиги, жиҳозланиши ва хизмат кўрсатиш даражаси, халқаро стандартлар ва умумэътироф этилган таснифларга мувофиқлиги тўғрисидаги маълумотларни бирлаштиради. Шунингдек, у Ўзбекистон омбор логистикасининг ҳолати ва ривожланиш истиқболларини таҳлил қилиш учун ахборот базаси бўлиб хизмат қилади, бу эса ўз навбатида ривожланиш прогнозларини шакллантириш ва жалб қилиш учун асос бўлиб хизмат қилади.