Оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимиз учун азал-азалдан буюк қадрият бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади.
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Марказий аппаратида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни байрамига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда вазирлик раҳбарияти, хотин-қизлар жамоаси ҳамда вазирлик ходимлари иштирок этди.
Тадибир иштирокчиларини Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов қутлар экан мамлакатимиз иқтисодиётининг асосий тармоқларидан бири бўлган транспорт тизимида бугун юзлаб аёллар самарали меҳнат қилиб келаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Соҳа ривожи, юрт равнақига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган аёллар ҳамиша Давлатимиз раҳбарининг юксак эътиборида. Байрам арафасида Президентимиз фармонига асосан «Ўзаэронавигация маркази» ДУКнинг Ҳаводаги ҳаракатни бошқариш автоматлаштирилган тизими Тошкент маркази ҳудудий бўлинмаси диспетчери Татьяна Васильева «Дўстлик» ордени билан Самарқанд вилояти транспорт бошқармасининг трамвай линияларини эксплуатация қилиш дирекцияси трамвай ҳайдовчиси Гулмира Азимова, «Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи» АЖнинг кўприкли кран машинисти Гулчехра Сулаймонова ҳамда Балиқчи тумани йўл хўжалиги пудрат таъмирлаш-фойдаланиш корхонаси ишчиси Рўзихон Мехмонова «Шуҳрат» медали билан тақдирланди.
Қолаверса, ўзининг ибратли фаолияти билан эл назарига тушган Тошкент давлат транспорт университети Транспорт иқтисодиёти кафедраси мудири Саодат Юлдашева “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан мукофотлангани фикримиз тасдиғидир.
Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Саодат Юлдашевани ушбу юксак мукофот билан яна бир карра муборакбод этиб, келгусидаги фаолиятида улкан муваффақият тилади.
Тадбир давомида вазирлик хотин-қизлари байрам муносабати билан пул мукофотлари ва эсдалик совғалар билан тақдирландилар.