«Автотранспорт воситаларини бошқаришда ва йўналишсиз такси фаолиятини амалга оширишда қўшимча қулайликлар яратиш тўғрисида»ги Президент қарорига асосан 2022 йил 1 сентябрдан 2024 йил охиригача 4 тадан кўп бўлмаган ўриндиқларга эга транспорт воситаларида йўловчи ташувларига ўзини ўзи банд қилиш деб қаралиши ва ушбу фаолият лицензия варақаси асосида амалга оширилиши белгиланган.
Бугунги кунда ўзини ўзи банд қилган ҳолда таксичилик фаолияти билан шуғулланаётганлар сони 148 000 нафарни ташкил этмоқда. Айни ушбу йўналишда ўзини ўзи банд қилганлар сони бўйича 18 816 нафар кўрсаткич билан Тошкент шаҳри етакчилик қилмоқда. Кейинги ўринлардан Самарқанд, Тошкент, Бухоро ҳамда Андижон вилоятлари жой олган.
Енгил автотранспортда йўналишсиз такси хизматини кўрсатиш ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатига киритилгандан сўнг фуқаролар қатъий белгиланган даромад солиғи тўлашдан озод бўлди ва бир йилда бир марта ихтиёрий равишда базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида ижтимоий солиқ тўлаш орқали меҳнат стажига ҳамда келгусида пенсия олиш имкониятига эга бўлди.
Ушбу фаолият тури бўйича фуқаролар Soliq мобил иловаси орқали масофадан туриб бепул рўйхатдан ўтиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, мазкур фаолият тури бўйича фуқаролар лицензия олиши талаб этилади. Бунда лицензия олиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида тўлов амалга оширилади.