Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

2 апрелдан бошлаб, божхонада янги норма кучга киради

Чоп этиш Саҳифани улашиш
30.03.2020 7865 Yangiliklar

Жорий йилнинг 2 апрелидан бошлаб, ташувчилар ёхуд товар эгалари ёки товарга нисбатан ваколатларга эга бўлган шахслар авто, ҳаво ва темир йўл транспортида ташиладиган товарлар ва транспорт воситалари, шу жумладан йўловчилар ва уларнинг багажлари тўғрисида ахборотларни олдиндан электрон тарзда божхона органларига тақдим этиш шарт бўлади.

Шу вақтга қадар эса мазкур амалиёт ихтиёрий тарзда амалга ошириб келинар эди.

Мазкур тартиб Давлатимиз Раҳбари томонидан томонидан қўйилган аниқ топшириқлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига олиб кириладиган товарлар ва транспорт воситаларини расмийлаштиришда божхона тартиботларини такомиллаштириш тўғрисида» 2019 йил 31 декабрдаги 1057-сон қарори асосида амалга оширилмоқда.  

Ташувчилар ёхуд товар эгалари ёки товарга нисбатан ваколатларга эга бўлган шахслар ҳаво ва темир йўл транспортида ташиладиган товарлар ва транспорт воситалари, шу жумладан йўловчилар ва уларнинг багажлари тўғрисида дастлабки электрон тарзда олдиндан ахборотни божхона органларининг ахборот тизимига бутунжаҳон Интернет тармоғи орқали:

автомобиль транспортининг Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ўтишидан бир соат олдин;

темир йўл транспортининг Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасига етиб келишидан бир соат олдин;

узоқ йўналишни амалга оширишда — ҳаво транспортининг Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига учиб келишидан икки соат олдин;

қисқа йўналишни амалга оширишда — ҳаво транспортининг учиш вақтида юбориши шарт.

Бугунги кунга келиб «Ўзбекистон Airways» АЖ томонидан Давлат божхона қўмитасига товарлар, транспорт воситаси, йўловчилар, уларнинг багажлари тўғрисида ахборотларни олдиндан тақдим этиш йўлга қўйилган бўлиб, хорижий авиакомпаниялар томонидан ҳам бу тўғрисида олдиндан маълумотлар тақдим этиш ишлари жараёни якуний босқичга келди. Ушбу маълумотлар Давлат божхона қўмитасининг “Авиа” автоматлаштирилган ахборот тизимига келиб тушмоқда.

Худди шундай, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан интернет тармоғи орқали фойдаланиш имкони бўлган дастурий таъминот яратилиб, товарлар, транспорт воситалари ва юклар тўғрисида электрон ахборотлар олдиндан божхона органига тақдим этилиши имконияти яратилди. Тегишли ҳавола орқали киритилган маълумотлар Давлат божхона қўмитасининг “Темир йўл” автоматлаштирилган ахборот тизимига келиб тушмоқда.

Яна бир жиҳат - мазкур маълумотлар ташувчилар ёхуд товар эгалари ёки товарга нисбатан ваколатларга эга бўлган шахслар томонидан, барча учун очиқ бўлган интренет тармоғидаги ҳавола орқали маълумотларни божхона органига тақдим этишлари мумкин.

Таъкидлаш жоизки, 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудуди орқали олиб ўтилган юкларнинг 18,6 млн. тоннаси темир йўл транспортида, салкам 4.4 млн. тоннаси юк автотранспортида ва 25,1 минг тоннаси ҳаво транспортида ташилгани инобатга олинса, юклар ҳақида олдиндан ахборот бериш юк ташишнинг тезкорлиги ва сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Хавфни бошқариш тизимидан фойдаланган ҳолда божхона тратиботлари жараёни содалашади, унга сарфланадиган вақт қисқарган ҳолда, натижадорлик ошади.

Буларнинг барчаси автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспорти орқали Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига олиб кириладиган товарлар ва транспорт воситаларини расмийлаштиришда божхона назорати самарадорлигини таъминлаш, божхона тартиботларини соддалаштириш, шунингдек, вақтни ҳамда молиявий харажатларни қисқартиришга хизмат қилади.

Демак ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг манфаатларига хизмат қилувчи яна бир эзгу ишга старт берилди. Унинг амалда ўзини оқлаши ва кўзланган самарани бериши эса бир жихатдан тадбиркорларимизнинг ўзларига ҳам боғлик.