Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–27-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, йўл ҳаракатини ташкил этиш тизимини янада такомиллаштириш, автомобиль йўллари инфратузилмасини ривожлантириш ва йўл ҳаракати иштирокчилари учун қулай шароитлар яратиш мақсадида:
1. Йўл инфратузилмасини такомиллаштириш ва хавфсиз ҳаракатланиш шароитларини яратиш орқали йўлларда авария ва ўлим ҳолатларини кескин қисқартириш, шу жумладан, ҳаракатни бошқариш тизимини тўлиқ рақамлаштириш ва жамоатчиликнинг ушбу соҳадаги ишларда кенг иштирокини таъминлаш мақсадида қуйидагиларни назарда тутувчи 2022-2026 йиллар давомида республика ҳудудида амалга оширилиши мўлжалланган “Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастури (кейинги ўринларда – Дастур) иловага мувофиқ тасдиқлансин:
автомобиль йўллари инфратузилмасини комплекс такомиллаштириш;
автомобиль йўлларида ҳаракатни бошқариш тизимини рақамлаштириш;
жамоат транспортини ривожлантириш ва рақамлаштириш;
йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш, болаларга йўл ҳаракати қоидаларини амалий ўргатишни йўлга қўйиш;
ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда транспорт воситаларининг техник ҳолати устидан назоратни кучайтириш.
2. Дастурда белгиланган манзилли тадбирларнинг амалга оширилишини ўз вақтида ва тўлиқ таъминлашга қаратилган қуйидаги назорат тартиби ўрнатилсин:
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорлари – ҳар чоракда масъул давлат органлари томонидан Дастур ижроси амалга оширилиши юзасидан ҳудудлар кесимида ўрганишларни ўтказиш ва натижалари бўйича Бош прокуратурага ахборот беришни ташкил этсин;
Бош прокуратура (Н.Т.Йўлдошев), Ҳисоб палата (Б.Т.Турабов) – ҳар чоракда масъул давлат органлари раҳбарларининг Дастур ижроси, шу жумладан, ҳудудлар кесимида амалга оширилиши юзасидан ҳисоботларини эшитиш ва бажарилмаётган масалалари юзасидан танқидий муҳокама қилиш мақсадида Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича республика махсус комиссиясига ахборот киритиш амалиётини йўлга қўйсин;
Вазирлар Маҳкамаси (А.Н.Арипов) – ҳар ярим йилда Дастур ижросини ҳудудлар кесимида танқидий муҳокама қилиш, ижроси юзасидан камчиликларга йўл қўйган масъул раҳбарларига интизомий жазо чораларни кўриш, шунингдек, Дастурда белгиланган тадбирларни тўлиқ амалга оширилишини ташкил этсин.
Дастурда белгиланган манзилли тадбирларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишини сўзсиз таъминлаш учун жавобгарлик шахсан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, ички ишлар вазири, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси раиси зиммаларига юклансин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
Дастурда белгиланган тадбирларни амалга ошириш бўйича аниқ механизмларни назарда тутувчи манзилли чора-тадбирларни ўз ичига олган “йўл харитаси”ни ҳар йили ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича республика махсус комиссиясига киритсин;
ҳар чоракда йўлларнинг ҳолати ва мавжуд инфратузилма, авария ўчоқлари, қоидабузарликлар аҳволининг таҳлили асосида, ҳаракат хавфсизлиги, транспорт ва йўл соҳаларига масъул идоралар раҳбарлари фаолиятини танқидий ўрганиб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига муҳокама қилиш учун киритиб борсин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Ички ишлар вазирлиги, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси:
Дастур доирасида амалга оширилаётган тадбирларда жамоатчилик иштироки таъминланишига ҳамда “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали йўналтирилаётган маблағлардан айнан мазкур йўналишда самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратсин;
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда ушбу қарорнинг мақсади ва вазифалари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.
5. Белгилансинки, Дастурда кўзда тутилган тадбирлар ҳар йили бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорлари доирасида, шунингдек, “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” республика жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
6. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош прокурор Н.Т.Йўлдошев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, ички ишлар вазири П.Р.Бобожонов ва транспорт вазири И.Р.Маҳкамовлар белгилансин.
Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчилари Б.Д.Исламов ва Р.А.Гулямовлар зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2022 йил 12 июль