7 декабрь Халқаро фуқаро авиацияси куни (International Civil Aviation Day) сифатида ҳар йили кенг нишонланади. Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ICAO) ушбу кунни байрам сифатида нишонлаш ташаббускори бўлиб ҳисобланади.
1994 йилнинг 7 декабрь куни халқаро фуқаро авиацияси Конвенцияси имзоланганининг 50 йиллиги (Чикаго конвенцияси 1944 йил) муносабати билан айнан шу сана халқаро фуқаро авиацияси куни сифатида белгиланган.
БМТ Бош Ассамблеясининг 1996 йил 6 декабрдаги 51/33-сонли резолюцияси билан ушбу сана халқаро байрам куни сифатида эътироф этилган.
Халқаро фуқаро авиацияси куни байрамини нишонлашдан мақсад кенг жамоатчиликка соҳадаги ютуқлар ҳақида ахборот бериш, давлатларнинг ижтимоий ва иқтисодий ривожланишида фуқаро авиациясининг қўшаётган ҳиссасини кўрсатиш, турли қитъа, мамлакат ва маданиятларни ўзаро боғлашда, шунингдек, бутун инсоният учун хизмат қилувчи тезкор глобал транспорт тармоғини яратишда ИКАОнинг ноёб роли тўғрисида хабардор этишдан иборатдир.
ИКАО маълумотларига кўра 2018 йилда дунё авиакомпаниялари томонидан умумий ҳисобда 4,3 миллиард йўловчи ва 58 миллион тонна юк ташилган. Йиллик авиақатновларнинг умумий сони эса 38 миллионга етган. Фуқаро авиацияси соҳаси самолётларининг умумий парвоз масофаси 8,2 триллион километрни ташкил қилган.