Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Авиақатновлар бўйича Қувайт билан янги келишув имзоланди

Чоп этиш Саҳифани улашиш
28.10.2024 926 Yangiliklar

Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб ўтган ИКАОнинг ICAN-2024 тадбири доирасида Ўзбекистон делегация Қувайт билан музокаралар ўтказди.

 

Айни вақтга қадар Ўзбекистон ва Қувайт ўртасида амалга ошириб келинаётган авиақатновлар 1994 йилда имзоланган битим асосида бажарилиб, ҳар бир томондан фақатгина биттадан авиакомпанияга парвозларни амалга ошириш ҳуқуқи берилган. Сўнгги йилларда ҳар икки мамлакат ҳудудида янги авиакомпаниялар ташкил этилганлигини инобатга олган ҳолда хусусий авиакомпанияларнинг янги йўналишларда авиақатновларини йўлга қўйиш, авиация бозорини тўлиқ либераллаштириш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига кенг имкониятлар яратиш мақсадида, мазкур битим шартларини қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келган эди.

 

Икки мамлакат ўртасида авиақатновларни муҳокама қилиш ва шартларни қайта кўриб чиқиш юзасидан “Ўзавиация” агентлиги директори раҳбарлигидаги делегациянинг Қувайт авиацияси ҳукумати раҳбарияти билан ўтказган музокаралар натижасига кўра Ўзбекистон ва Қувайт Транспорт вазирликлари ҳамда икки мамлакат Ташқи ишлар вазирликлари томонидан янги таҳрирда ишлаб чиқилган, янги шартларни ўз ичига олган авиақатновлар тўғрисидаги янги битим матни икки мамлакат авиация ҳукуматлари раҳбарлари томонидан парафирланди.

 

Янги битим икки мамлакат ўртасида ҳар бир томондан фақатгина биттадан тайинланган авиакомпания парвозларни амалга ошириши мумкинлиги тўғрисидаги чекловни бекор қилиш билан бир қаторда янги келишув шартларини ўз ичига олади.

 

2023 йил давомида Ўзбекистондан 95 мингдан зиёд авиайўловчилар Қувайт орқали Саудияга “Умра” зиёратига борган бўлиб уларнинг аксарияти Қувайт ҳудудида қисқа муддатли туризмни амалга оширган. Қувайтдан эса Ўзбекистонга 1000 га яқин туристлар ташриф буюрган бўлиб, уларнинг аксарияти қисқа муддатли туризмдан сўнг турли хил мақсадларда Қирғизистоннинг Ўш шаҳрига чиқиб кетган. Амалга оширилган таҳлиллар ва олиб борилган ўрганишлардан сўнг Қувайт ва Ўш шаҳри ўртасида ҳафтасига 12 марта амалга ошириб келинаётган авиақатновлардаги Қувайт фуқароларини Ўзбекистон шаҳарларига тўғридан-тўғри учиб келишига кенг имконият яратиш ҳамда “Зиёрат туризми”га янада кенг йўл очиш мақсадида икки мамлакат ўртасидаги ҳафталик авиақатновларни ҳар бир томондан 14 тага етказиш орқали 28 тага олиб чиқиш ҳамда белгиланган шаҳарлар сони бўйича чекловни бекор қилган ҳолда Ўзбекистоннинг барча аэропортларидан Қувайтга парвозларни амалга ошириш имкониятини берувчи яна бир келишув имзоланди.

 

Мазкур эришилган келишувлар Ўзбекистоннинг ҳудудий аэропортларида янги халқаро йўналишларда йўловчи оқимини шакллантиришга кенг йўл очиш билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғи асосида Туризм қўмитаси томонидан Ўзбекистонга хориждан “Зиёрат туризми” доирасида янада кўпроқ туристларни жалб қилиниши учун замин яратади.