Транспорт вазирлиги автобус бошқариш ҳуқуқини берувчи “Д” тоифага қайта тайёрлаш бўйича ўқишни хоҳловчи хотин-қизлар учун ўқитиш жараёни бошланишини эълон қилади.
“Д” тоифага қайта тайёрлаш учун тўлов Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Тошкент – кам углеродли автотранспортга инвестициялар жалб этишни жадаллаштириш” лойиҳаси томонидан тўланади.
Номзодлар танлов асосида ўқув курсларига номзодларни саралаб олиш комиссияси томонидан саралаб олинади.
Ўқишни муваффақиятли битирган ва “Д” тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасини қўлга киритган хотин-қизларни “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ таркибидаги автобус саройлари филиалларига ҳайдовчиликка ишга қабул қилинади.
Қайта тайёрлаш курсларида ўқиш учун номзодлар қуйидаги талабларга мос бўлиши керак:
• номзодлар 21 ёшга тўлган ва 45 ёшдан ошмаган аёл киши бўлишлари;
• камида уч йил мобайнида “Б”, “C” ёки “БC” тоифасидаги автотранспорт воситаларини бошқариш бўйича ҳайдовчилик гувоҳномасига ва стажига эга бўлиши.
Қизиқиш билдирган номзодлар қуйидаги ҳужжатларни ва маълумотларни электрон тарзда projecttailev@mintrans.uz электрон почта манзилига тақдим қилади:
• паспорт ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат нусхаси;
• доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлиги тўғрисида қайд варағи нусхаси;
• тегишли тоифадаги автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш(қайта тайёрлаш) ўқув дастури бўйича ўқишни тугатганлиги ҳақида ягона намунадаги гувоҳнома нусхаси;
• ҳайдовчилик гувоҳномаси нусхаси;
• телефон рақами;
• маълумоти (аттестат ёки диплом) тўғрисидаги ҳужжатнинг нусхаси.
Номзоднинг камида уч йил мобайнида “Б”, “C” ёки “БC” тоифасидаги автотранспорт воситаларини бошқариш бўйича ҳайдовчилик гувоҳномасига ва стажига эга бўлиши керак. Камида уч йиллик ҳайдовчилик стажи мавжудлиги қуйидагилар орқали аниқланади:
• эгалик ҳуқуқи асосида ёки ижара ҳуқуқи асосида номзодга тегишли бўлган автомототранспорт воситасининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси (тех.паспорт ёки ишончнома);
• меҳнат шартномаси бўйича ҳайдовчилик стажи.
Ҳужжатларни тақдим этиш учун охирги сана 2025 йил 20 март.
Ушбу ташаббус автотранспорт соҳасида аёлларнинг касбий иштирокини ошириш, юқори малакали автобус ҳайдовчиларини тайёрлаш ҳамда хотин-қизларни соҳага кенг жалб қилинишини қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилмоқда.
Қўшимча маълумотлар учун: +998 99 444 60 80.