Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Автомобиль транспортида халқаро юк ташувларини ривожлантиришнинг долзарб масаллари муҳокама этилди

Чоп этиш Саҳифани улашиш
04.09.2024 3402 Yangiliklar

Бугун, пойтахтимиздаги “Wyndham Tashkent” меҳмонхонасида “Автомобилда халқаро ташувлар: барқарор ривожланиш ва фаровонликни таъминлаш”, “Келажакка йўл: "TIRга 75 йил” халқаро конференцияси бўлиб ўтди.

 

Транспорт вазирлиги,  Халқаро автомобиль транспорти иттифоқи (IRU) ҳамда Ўзбекистон халқаро автомобилда ташувчилар уюшмаси (AIRCUZ) билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбир IRU аъзоларини ҳамда автомобиль транспортида халқаро юк ташувлари соҳаси етакчиларини, шунингдек, халқаро ташкилотлар, давлат идоралари ва халқаро молия институтлари вакилларини бир жойга жамлади.

 

Конференцияда савдо ҳамда логистика субъектлари ўртасида юкларни етказиб бериш занжири узлуксизлигини таъминлаш, логистика  тизимларининг самарадорлигини ошириш орқали савдони осонлаштириш, харажатларни камайтириш ва умумий иқтисодий ривожланишга эришиш йўналишидаги долзарб масалалар муҳокама этилди.

 

Хусусан, конференция транзит ва савдони соддалаштиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган,  шунингдек,  ташувлар самарадорлигини ошириш орқали углерод чиқиндиларини камайтиришда муҳим рол ўйнаётган БМТнинг энг узоқ давом этган давлат-хусусий шериклиги TIR тизимининг 75 йиллигига бағишланди. 

 

TIR (Юкларни халқаро йўлларда ташиш дафтарчаси) юкларни автомобилда халқаро ташиш тўғрисидаги божхона конвенцияси (Женева, 1975 йил) доирасидаги транзит юк ташишларни енгиллаштиришга қаратилган тизимдир.

 

Конференция панель сессиялари давомида дунёда автомобилда юк ташувларни енгиллаштириш, бу борада мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш, соҳада рақамлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш масалалари муҳокама этилиб, тегишли таклифлар ишлаб чиқиш назарда тутилмоқда.