Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев жорий йилнинг 14 – 15 февраль кунлари БААга амалга оширган хизмат сафари давомида мамлакатнинг авиация соҳаси корхоналари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалалари юзасидан қатор учрашувлар ўтказди.
Дубай Миллий Авиа Саёҳат Агентлиги (DNATA) корхонаси вице президенти Джон Брич ва бошқа мутасадди раҳбарлар иштирокида бўлиб ўтган учрашувда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва инвестиция киритиш имкониятлари муҳокама этилди.
Хусусан, музокараларда корхона раҳбарияти аэропортлар ер усти хизматларини ривожлантиришда ҳамкорлик ўрнатишга, тўғридан-тўғри сармоя киритиш орқали Тошкент аэропорти ҳудудида хендлинг хизматини йўлга қўйишга жиддий қизиқиш борлигини билдирди. Шунингдек, компания кейтеринг хизматларини кўрсатиш йўналишида ҳам ишлашга тайёрлигини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, DNATA компанияси бугунги кунда дунёнинг 120 дан ортиқ аэропортларида ўз хизматларини кўрсатади. Брюссель, Келнь, Мельбурн, Сидней, Торонто, Милан, Чанги, Женева, Вашингтон, Нью Йорк каби йирик аэропортлар шулар жумласидан.
БААнинг Дубай шаҳрида жойлашган ва умумий авиация саёҳатларини (Business and General Aviation) қўллаб-қувватлаш йўналишида фаолият кўрсатувчи JetEx авиакорхонаси раҳбари Мардини Адел билан бўлиб ўтган учрашувда эса ўзаро ҳамкорликда бизнес авиацияси тармоғини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.
JetEx авиакорхонаси аэропорт терминал хизматлари, ер усти хизматлари, юқори мартабали йўловчиларга хизмат кўрсатиш, самолётларга ёқилғи қуйиш, халқаро саёҳатларни режалаштириш ва консьерж хизматларини кўрсатиш билан шуғулланади. Корхонаннинг глобал операциялари бевосита Дубай, Маями ва Пекинда жойлашган учта операцион марказ томонидан мувофиқлаштирилади.
Emirates Engineering корхонаси вице президенти Аҳмад Сафа, Дубай Авиация агентлиги Директори Капитан Халед, БАА Авиация раҳбари ўринбосари Омар Бин Ғалеблар иштирокида бўлиб ўтган учрашувларда мамлакатларимиз ўртасида тузилган Авиация битимининг янги изоҳини ИКАОнинг янги талаблари бўйича ишлаб чиқиш, ўзаро амалга оширилаётган парвозлар географиясини кенгайтириш, Uzbekistan Airways Technics ходимларини ва Транспорт Университети талабаларини БАА ўқув дастурларига қабул қилиш ва малакасини ошириш бўйича ҳамкорлик ўрнатишга келишиб олинди.