Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Барча турдаги транспортларнинг оптимал, мувозанатлашган ва уйғунлашган ўзаро алоқасини таъминлайдиган қонун лойиҳаси муҳокама қилинди

Чоп этиш Саҳифани улашиш
11.08.2020 7933 Yangiliklar

 

2020 йил 10 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг видеоконференц алоқа тарзидаги навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. 

Унда дастлаб Ўзбекистон Республикасининг “Транспорт тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, ушбу қонун лойиҳасининг мақсади автомобиль, ҳаво, темир йўл, сув ва шаҳар йўловчи транспорти фаолияти ва ҳамкорлигининг ҳуқуқий, иқтисодий ҳамда ташкилий асосларини белгилашдан иборат.

Депутатлар таъкидлаганидек, бугунги кунда транспорт фаолиятини тартибга солувчи Ўзбекистон Республикасининг “Автомобиль транспорти тўғрисида”ги, “Темирйўл транспорти тўғрисида”ги қонунлари, Ҳаво кодекси ва бошқа кўплаб қонун ҳужжатлари мавжуд. Лекин барча турдаги транспортларнинг оптимал, мувозанатлашган ва уйғунлашган ўзаро алоқасини таъминлайдиган самарали логистика тизими, аралаш ташишларни кенгайтириш орқали ягона транспорт тармоғига интеграция қилиш мезонларини белгилайдиган ягона қонун йўқ.  

Шунингдек, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 16 моддасига мувофиқ кўриб чиқилаётган “Транспорт тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ва тармоқ қонун ҳужжатлари тенг юридик кучга эга. Санаб ўтилган барча қонун ҳужжатлари бир-бирига зид бўлмаган, бир вақтнинг ўзида ишлайдиган, бир-бирини тўлдирадиган ва тўғридан-тўғри амал қиладиган нормаларни белгилайди.

Халқ вакилларининг айтишича, қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда асос сифатида ташиш шартномасини тузиш, йўлкира ҳақи, ташиш шартномасидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бўйича жавобгарлик ва бошқалар асосида амалга ошириладиган тижорат транспорт фаолиятини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексининг 39-боби “Йўловчи, багаж ва юк ташиш” ҳисобга олинган.

Шу жиҳатдан 9 та боб, 43 моддадан иборат мазкур қонун лойиҳаси тижорат асосида амалга ошириладиган ҳар қандай транспорт фаолиятини юритиш чоғида вужудга келадиган муносабатларга нисбатан қўлланилади. Шу билан бирга қонун лойиҳаси транспорт фаолиятининг асосий тамойилларини белгилайди.   

Йиғилишда сўз олган ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари партиянинг мақсад-вазифаларидан келиб чиқиб, қонун лойиҳаси бўйича фикр-мулоҳазалар, таклифлар билдириб, қонун лойиҳасини маъқуллашди.