Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида “Халқаро транспорт ва транзит йўлаклари: ўзаро боғлиқлик ва ривожланиш – 2024” халқаро конференцияси ва кўргазмаси доирасида ўтказилган йиғилишда тегишли вазирлик ва транспорт идоралари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, дипломатик корпус раҳбарлари ва вакиллари ҳамда Гуруҳга аъзо мамлакатлар миссиялари, транспорт соҳаси экспертлари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров қатнашди. Томонлар йиғилишда Барқарор транспорт дўстлари гуруҳи фаолиятини янада такомиллаштириш, жумладан, жаҳон миқёсида транспорт тизимларини барқарор ривожлантириш соҳасида янги самарали ечимларни ишлаб чиқиш имкониятларини кўриб чиқдилар.
Учрашувда БМТнинг 2026 – 2035 йилларга мўлжалланган Барқарор транспорт ўн йиллигига тайёргарлик кўриш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлиги қайд этилди. Иштирокчилар Гуруҳ фаолиятини янада такомиллаштириш ва транспорт-логистика соҳасидаги муаммоларни енгиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, шу жумладан ушбу соҳадаги минтақавий ва глобал тўсиқларни минималлаштириш йўллари, шунингдек, транспортни ривожлантириш соҳасидаги БМТга аъзо давлатларнинг ташаббусларини илгари суриш зарурлигини таъкидладилар.