Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Белгиланган карантин талабларига амал қилмаган ва нархларни асоссиз равишда оширган йўналишсиз таксиларга нисбатан кескин чора кўрилади

Чоп этиш Саҳифани улашиш
20.07.2020 8007 Yangiliklar

 

Коронавирус инфекциясининг кенг миқиёсда аҳоли орасида тарқалишининг олдини олиш, мамлакатимизда эпидемиологик вазиятни барқарор ҳолатда ушлаб туриш мақсадида Республика махсус комиссиясининг қарори билан жамоат транспорти (автобус, метро ва йўналишли такси) ҳаракати вақтинчалик тўхтатилди. Бу эса ўз навбатида аҳолининг йўналишсиз таксилар хизматига бўлган эҳтиёжини бир неча баробарга ортиб кетишига сабаб бўлди.

Айнан ушбу вазиятни тўғри баҳолаган ҳолда, ҳамда карантин шароитида одамларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини инобатга олиб йўналишсиз таксилар йўл ҳаққининг мақбул тарифларда бўлишини таъминлаш жуда муҳим. Бироқ, афсуски сўнгги кунларда айнан йўналишсиз таксиларда йўл ҳаққининг асоссиз равишда бир неча баробарга ошириб юборганлиги ҳолати аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.

Бугунги синовли кунларда йўналишсиз таксида йўловчи ташиш хизматини кўрсатаётган уюшма ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вазиятни тўғри англаган ҳолда халқимиз манфаати йўлида, йўловчилар ҳуқуқларни поймол этмаган ҳолда фаолият юртиши, йўлкира нархларининг асоссиз ошириб юборилишига йўл қўймаслиги зарур.  

Йўналишсиз таксилар йўлкира нархларининг асоссиз равишда ошириб юборилиши билан боғлиқ вазиятни назоратга олиш мақсадида Транспорт вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси ва ИИВ ЙҲХББ билан ҳамкорликда йўналишсиз таксиларда йўловчи ташиш фаолиятини кўрсатувчи юридик шахслар ва такси буюртама қилиш бўйича интерактив хизматлар кўрсатувчи агрегаторлар иштирокида видеоконференц алоқа шаклида мулоқот бўлиб ўтди.

Онлайн мулоқотда ташув фаолияти билан шуғулланувчи корхоналар ва агрегаторлар йўналишсиз таксилар йўлкира нархи юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар томонидан қатъий назоратга олиниши, нархларни асоссиз равишда ошириб юбориш ҳолатлари бўйича эса кескин чоралар кўрилиши (ташув фаолияти билан шуғулланиш учун берилган лицензияларнинг бекор қилиниши) юзасидан огоҳлантирилди.      

Транспорт вазирлиги томонидан ушбу сохада хизмат кўрсатувчи интеграторларга (Yandex Taxi, My Taxi, Millennium Taxi, Easy Taxi) куннинг тиғиз вақтида такси хизматига бўлган талаб кескин ортган пайит, хизмат тарифининг автоматик тарзда ошиш функциясини ўчириш бўйича кўрсатма берилди. Айни дамда агрегаторлар томонидан тарифнинг кўтарилиш функцияси ўчирилди.

Шунингдек, Транспорт вазирлиги инспекторлари, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Санитария–эпидемиологик осойишталик агентлиги ва ИИВ ЙҲХББ ходимларидан иборат махсус ишчи гуруҳлари томонидан йўналишсиз таксилар йўл кира нархининг асоссиз равишда ошириб юбориш ва Республика махсус комиссияси томонидан белгиланган карантин талабларига амал қилмасдан фаолият юритиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида махсус рейд тадбирлари амалга оширилмоқда.

Бугунги кунга қадар аниқланган қоида бузарликлар юзасидан 25 та юридик шахсга нисбатан 64 лицензия карталарини бекор қилиш шаклида чоралар кўрилди. Айни дамда бу каби рейд тадбирлари давом этмоқда.

Шу ўринда Транспорт вазирлиги ташувчиларни ва йўналишсиз такси ҳайдовчиларини яна бир бор белгиланган карантин чораларига қатъий амал қилган ҳолда ҳаракатланишларини ва нархларни асоссиз равишда ошириб юбормаслик юзасидан огоҳлантиради.