Республика махсус комиссияси қарори билан аэропорт, темир йўл вокзали ёҳуд чегара пункти ҳудудида коронавирусга антиген экспресс тест олиш тартиби 15 мартдан бекор қилинади.
Жорий йилнинг 13 март санасида Республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида мамлакатимизда коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишларни мувофиқлаштириш, хорижий ва қўшни мамлакатларда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик вазиятнинг бироз бўлсада барқарорлашганлигини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрувчиларга енгилликлар яратиш ҳамда туризм салоҳиятидан кенгроқ фойдаланиш бўйича бир қатор масалалар муҳокама қилинди.
Шу муносабат билан Республика махсус комиссиясининг қарорига асосан Ўзбекистон Республикасига ҳаво, темир йўл транспорти ҳамда чегара пунктлари орқали ташриф буюраётган барча шахслардан ўз ҳисобидан аэропорт, темир йўл вокзали ёҳуд чегара пункти ҳудудида коронавирус инфекциясига антиген экспресс тест олиш тартиби 2021 йилнинг 15 мартидан бошлаб бекор қилинади.
Эндиликда, янги тартиб бўйича:
- ҳаво ва темир йўл қатновлари орқали ташриф буюраётган шахслар Ўзбекистон Республикасига келиш учун ҳаво ёки темир йўл қатновига рўйхатдан ўтишдан олдин сўнгги 72 соатдан кўп бўлмаган муддатда коронавирус инфекциясига фақат ПЗР орқали текширилиб, манфий кўрсаткичга эга деб топилган маълумотномани тақдим этиши талаб этилади;
- автойўл чегара ўтказиш пунктлари орқали Ўзбекистон Республикасига кириб келаётган шахслар томонидан сўнгги 72 соатдан кўп бўлмаган муддатда коронавирус инфекциясига ПЗР орқали текширилиб, манфий кўрсаткичга эга деб топилган маълумотномани тақдим этилганда ёки ПЗР натижаси бўлмаган ҳолларда чегара ўтказиш пунктларида фаолият юритадиган махсус клиника ёки лабораторияларда коронавирус инфекцияси антигенини экспресс тест текшируви орқали манфий натижа қайд этилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига киритилади.
Бунда коронавирус инфекциясига ПЗР текширувлари натижалари инглиз ёки рус тилларида бўлиши талаб этилади.
Республика махсус комиссиясининг қарорига асосан 2021 йилнинг 25 мартидан бошлаб хорижий мамлакатлардан Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрувчилардан фақат сифат кўрсаткичи талаб даражасида бўлган лабораторияларнинг коронавирус инфекциясига ПЗР текширувлари маълумотномалари билан ҳаво ёки темир йўл қатновига рўйхатдан ўтказилади ёҳуд автойўл чегара ўтказиш пунктлари орқали Ўзбекистон Республикасига коронавирус инфекцияси антигенини экспресс тест текшируви ўтказмасдан киритилади.
Шу билан бирга мутасадди ташкилотларга чет элда сифатли ҳамда ишончли коронавирус инфекциясига ПЗР текширувларини ўтказувчи лабораториялар – яъни Ўзбекистон Республикасида тан олинадиган лабораториялар рўйхатини (ҳар бир мамлакат кесимида камида 10 тадан) шакллантириш ва эълон қилиш бўйича топшириқ берилди.