Бугун Транспорт вазири Илхом Махкамов “China Energy Engineering Corporation” компанияси бошқарув раиси Сун Хайлян бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашув ўтказди. Учрашувда томонлар ўзаро ҳамкорликда транспорт инфратузилмаси лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини муҳокама этди.
Компания раҳбари Сун Хайлян мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби транспорт ва йўл хўжалиги соҳасида сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори баҳо берди. Компания ўзининг илғор тажрибасидан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда ушбу соҳаларда давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилаётган лойиҳаларда иштирок этиш ниятида эканлигини маълум қилди.
Шунингдек, компания раҳбари транспорт ва йўл хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган ходимлар малакасини ошириш мақсадида ўзаро ҳамкорликда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш зарурлигини, бу ҳар икки томон учун бирдек манфаатли бўлишини таъкидлаб ўтди.
Учрашув давомида хорижий меҳмонларга транспорт ва йўл хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган инвестицион лойиҳалар ҳақида батафсил маълумотлар берилиб, тақдимотлар ўтказилди. Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликда қўшма лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш мақсадида алоҳида ишчи гуруҳ тузишга келишиб олди.