Ўзбекистон ва Хитой авиация маъмуриятлари ўртасида эришилган келишувлар ижроси доирасида 10 сентябрь куни Транспорт вазирлигида Хитойнинг China Southern airlines авиакомпанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда икки мамлакат ўртасида авиақатновлар ҳажмини ошириш ва парвозлар географиясини кенгайтириш масалалари муҳокама этилди. Музокаралар натижасига кўра China Southern airlines авиакомпаниясининг Пекин – Тошкент йўналишида ҳафталик авиақатновларини 4 тадан 7 тага ошириш, Урумчи – Тошкент йўналишидаги авиақатновларини эса 3 тадан 4 тага ошириш, шунингдек, 2025 йилдан бошлаб Гуанжоу – Урумчи – Тошкент йўналишида ҳафтасига 3 та авиақатновларни йўлга қўйишга келишилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 17–21 июнь кунлари Хитойнинг Сиан шаҳрида ўтказилган “C5+1 Хитой—Марказий Осиё фуқаро авиацияси конференция”си давомида Ўзбекистон ва Хитой авиация ҳукуматлари ўртасида ҳаво қатнови тўғрисидаги икки томонлама ҳукуматлараро битимга ўзгартиришлар киритиш, икки давлат ўртасида амалга оширилаётган авиақатновлар сонини кескин ошириш, янги ҳаво йўлакларини очиш бўйича қатор келишувларга эришилган.
Мазкур келишувлар доирасида Ўзбекистоннинг 4 та резидент авиакомпаниясига Ўзбекистоннинг Тошкент ва Самарқанд халқаро аэропортларидан Хитойнинг 12 та шаҳрига йўловчи ташиши бўйича ҳафтасига 58 та мунтазам авиақатновларни амалга ошириш юзасидан тайинловлар амалга оширилган ва бу ҳақида Хитой авиация администрацияга дипломатик каналлар орқали хабар берилган.
Айни вақтда Ўзбекистоннинг Qanot Charq, Centrum air va Air Samarqand авиакомпаниялари Хитойга йўловчи ташиш бўйича мунтазам авиақатновларни амалга оширишни бошлаш учун Хитой авиацияси маъмуриятининг ССАР-129 сертификация талабларини бажариш юзасидан тегишли ишларни амалга оширмоқда.
Маълумот учун: Бугунги кунда икки мамлакат ўртасида 9 та авиакомпания томонидан 16 та йўналишда ҳафтасига жами 63 та мунтазам авиақатновлар амалга ошириб келинмоқда. Шундан 21 таси йўловчи ташиш бўйича қолган 42 таси юк ташиш бўйича амалга оширилмоқда.