Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Дарё транспорти соҳасида янги ҳужжат амалга киритилди

Чоп этиш Саҳифани улашиш
15.09.2023 3064 Yangiliklar

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси кемачилиги соҳасида хавфсизликни таъминлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида” қарори қабул қилинди.

 

Қарорнинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикасининг ички кема йўлларида, табиий ва сунъий барпо этилган сув ҳавзаларида кемаларнинг хавфсиз сузиши, инсон ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, юк ва йўловчиларнинг хавфсиз ва ишончли ташилишини таъминлаш, кемаларнинг сув йўлларида ҳаракатланиши даврида ягона тартиб ўрнатиш ҳамда сув ҳавзаларида кемалар билан содир этиладиган аварияларнинг олдини олиш ҳисобланади.

 

Мазкур қарор билан:

 

Ўзбекистон Республикасининг ички кема йўлларида сузиш қоидалари;

 

Дарё транспортини техник ишлатиш қоидалари;

 

Дарё транспортида юк ташиш қоидалари тасдиқланди.

 

Ўзбекистон Республикасининг ички кема йўлларида сузиш қоидалари билан кемаларнинг хавфсиз сузишини таъминлашга оид қоидалар, кемаларнинг тўғри ҳаракатланиши, навигация чироқлари ва белгиларининг вазифалари, навигация бошланиши даврида уларни ўрнатиш ва навигация тугагандан кейин уларни йиғиштириб олиш тартиби, ҳамда кема бошқарувчилари томонидан товушли сигналлардан фойдаланиш қоидалари белгилаб қўйилди. Об-ҳавонинг ноқулай шароитларида кемаларни бошқаришда сузиш хавфсизлигини таъминлаш учун фойдаланиладиган сигналлар беришнинг ягона тартиби ўрнатилди.

 

Дарё транспортини техник ишлатиш қоидалари билан кема қатнайдиган ички сув йўлларида ва сув ҳавзаларида фойдаланишда бўлган дарё транспорти воситаларини техник ишлатиш тартиби, дарё транспорти  воситаларининг техник ҳолатига, уларни лойиҳалаштириш, қуриш, қайта жиҳозлаш ва таъмирлаш даврида амалга ошириладиган ишлар тартибга солинди ва кема эгаларига услубий қўлланма сифатида йўл-йўриқ кўрсатилди. Қоидалар билан сув ҳавзаларининг кемалардан ифлослантиришнинг олдини олиш бўйича кема эгаларига талаблар белгилаб қўйилди.

 

Дарё транспортида юк ташиш қоидалари билан портларда юк қабул қилиш, сақлаш, дарё транспорти воситаларига юклаш тартиби, юк жўнатувчи, юк олувчи ва ташувчининг мажбурияти, ҳуқуқлари ва жавобгарлиги белгиланди. Қоидалар билан юк ташувчи томонидан юк ташиш учун жалб қилинаётган кемаларнинг юкларни манзил портига хавфсиз ва ишончли етказиш имкониятини берувчи хавфсизлик талабларига мувофиқлигини таъминлаши ҳамда юк жўнатувчи томонидан юкларни техник шартларга мувофиқ келадиган миллий стандартлар, халқаро стандартларга мувофиқ ва уларнинг тўлиқ сақланишини таъминлайдиган соз таралар ва ўрамларда тақдим этилиши белгилаб қўйилди.

 

Дарё транспортида юкларни ташиш учун зарур бўладиган ҳужжатлар рўйхати, ҳамда юкларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келиши ва чиқиб кетиши даврида юкларни божхона назорати ва расмийлаштирувини ҳамда чегара назоратини амалга ошириш тартиби белгилаб қўйилди.