Жамият манфаатларига хизмат қилиш барча давлат хизматчилари ва давлат ҳокимияти органларининг асосий вазифасидир. Жамият ушбу органларнинг мансабдор шахсларидан ўз вазифаларини адолатли ва холис бажаришини кутади.
Шу нуқтаи назардан давлат органи ва ташкилотларида манфаатлар тўқнашувига барҳам бериш, давлат хизмати тизимида коррупциянинг олдини олишнинг самарали усулларидан биридир.
Шу боис Транспорт вазирлиги Коррупцияга қарши курашиш бўлими томонидан Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилояти транспорт бошқармалари ходимлари иштирокида “Жамиятда манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уни бартараф этиш” мавзусида навбатдаги ҳуқуқий тарғибот тадбири ташкил этилди.
Тадбирда Транспорт вазирлиги Коррупцияга қарши курашиш бўлими бош мутахассиси Н. Комилов томонидан давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишга қаратилган “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги ЎРҚ–931-сон Қонуни мазмун-моҳияти батафсил тушунтирилди.
Мазкур қонун манфаатлар тўқнашувини олдини олиш, давлат хизматида барқарор профессионал кадрларни шакллантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, давлат хизматида коррупция ва бошқа суиистеъмоллик ҳолатларининг олдини олишга, шунингдек, барча даражадаги давлат хизматчилари фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқлар, мажбуриятлар ва чекловларнинг ягона тизимини шакллантирганлиги билан аҳамиятли эканлиги таъкидлаб ўтилди.