Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Депутатлар Тошкент метрополитеннинг ер усти халқа линиясидаги янги станцияларга ташриф буюришди

Чоп этиш Саҳифани улашиш
13.11.2020 5561 Yangiliklar

 

Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси депутатлари,  парламентнинг Қуйи палата фракциялари аъзолари пойтахт метрополитенининг янги объект – "Дўстлик-2" - "Қўйлик" йўналиши,  ундаги йўловчилар учун яратилган шароитлар, станцияларнинг фаолияти ҳамда жойлардаги иншоотларнинг эксплуатацияси билан яқиндан танишдилар.

 

Делегация аъзолари метронинг "Дўстлик-2" бекатидан "Қўйлиқ" бекатигача янги метро поездларда саёҳат қилди.  Шунингдек,  депутатлар учун ер усти метро линиясининг қурилиш жараёни ва бугунги кундаги фаолияти ҳақидаги тақдимот намойиш этилди. Меҳмонлар ўзаро фикр алмашиб барча саволларига метрополитен мутахассисларидан атрофлича жавоб олишди.  "АТТО" МЧЖ мутасаддилари эса жамоат транспортида жорий этилаётган янги электрон тўлов тизими ва унинг самарадорлиги ҳақида маълумот беришди.

 

– Депутатларнинг амалий жараёнлар билан бевосита танишиши соҳаларни батафсил ўрганиш имкониятини яратиб, қонун ижодкорлигида мукаммалликни таъминлашга хизмат қилади, – дейди Ботир Мардаев,  Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати,  Саноат,  қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоси.  – Шу боис,  бугун,  Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат,  қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси ташаббуси билан бир гуруҳ депутатлар иштирокида Тошкент шаҳрида қурилаётган ер усти халқа метрополитени линиясининг «Дўстлик-2» – «Қўйлиқ» йўналиши объектлари ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш фаолияти билан яқиндан танишдик.  Айни пайтда,  Қонунчилик палатасида «Транспорт тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишга тайёрланмоқда.  Ер усти метрополитени фаолияти билан яқиндан танишув,  соҳадаги мавжуд масалаларни ўрганиш мазкур қонун лойиҳасини такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.  Таъкидлаш лозимки,  мазкур қонун лойиҳаси давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 1 февралдаги «Транспорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида янги таҳрирда ишлаб чиқилган.  Ушбу қонун лойиҳаси транспорт соҳасининг барча жабҳаларини ўз ичига қамраб олмоқда.

 

Учрашув қизғин муҳокама ва саволларга ҳамда таклифларга бой бўлди. Жумладан, мамлакатимизда темир йўл транспорти соҳасини янада ривожлантириш, йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш,  пойтахт аҳолиси ва ташриф буюрувчилар учун барча қулай шарт-шароитлар яратиб берилаётганлиги алоҳида эътироф этилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси делегасиясининг барча саволларига "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ва "Тошкент метрополитени" УК мутасадди ходимлари батафсил жавоб беришди.