2021 йил 14 январь куни Юкларни халқаро йўлларда ташиш шартномаси тўғрисидаги Конвенциянинг электрон юк хатига (е-CМR) оид 2008 йил 20 февралда Женева шаҳрида имзоланган Қўшимча баённомаси Ўзбекистон Республикаси учун кучга киради. Ўзбекистон ушбу Баённомага Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 25 сентябрдаги ПҚ-4842-сонли қарорига мувофиқ қўшилган.
Ўзбекистон 1995 йилдан буён Юкларни халқаро йўлларда ташиш шартномаси тўғрисидаги Конвенциянинг иштирокчиси ҳисобланади. Ушбу Конвенцияга Қўшимча баённома маълумотларни электрон шаклда рўйхатга олиш ва қайта ишлаш усулларидан фойдаланган ҳолда юк хатини тайёрлашнинг ихтиёрий тартибини соддалаштириш мақсадида қабул қилинган.
Депозитарийнинг маълумотига кўра 29 та давлат, жумладан Беларусь, Болгария, Буюк Британия, Латвия, Литва, Молдова, Польша, Россия, Руминия, Тожикистон, Туркия, Украина, Финландия, Франция, Чехия, Швейцария, Эрон, Эстония каби давлатлар Қўшимча баённомада иштирок этади.
Мазкур ҳужжат электрон алоқа воситаси орқали ташиш шартномасини тузиш тартибини соддалаштириш ва тезлаштиришни, юк хатининг қоғоз шаклидаги нусхаси билан тенг юридик кучга эга бўлган электрон юк хатини жорий этишни назарда тутади. Шу билан бирга, Баённомада иштирок этиш қоғоз шаклидаги ҳужжатлардан фойдаланишни чекламаган ҳолда е-CМRдан фойдаланишга босқичма-босқич ўтишни таъминлайди.
е-CМRдан фойдаланиш мультимодал ташувларда транспорт воситаларининг ўзаро ҳаракатини енгиллаштиради, юк хати билан боғлиқ ҳаракатларни бошқариш унумдорлигини оширади ҳамда транспорт операторлари ва юк эгаларининг юк хатлари ва бошқа тегишли ҳужжатларни чоп этиш, қайта ишлаш ва архивлаш харажатларини камайтиришга ёрдам беради.
Ўзбекистон Республикасининг Қўшимча баённомада иштирок этиши транспорт ва транзит амалиётларини соддалаштириш, замонавий логистика тизимлари доирасидаги иштирокчилар ўртасида маълумотлар алмашинуви жараёнини тезлаштириш ҳамда вақт ва молиявий сарф-харажатларни камайтириш орқали миллий ташувчилар учун янада қулай шароитлар яратишга хизмат қилади.