Бугун Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлигида Мисрнинг «Elsewedy Electric» компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Компания президенти Аҳмад Ал-Сувейди транспорт вазири Элёр Ғаниев билан бўлиб ўтган музокараларда Ўзбекистоннинг транспорт ва логистика соҳаларига инвестиция киритишга қизиқиш билдираётганини маълум қилди.
Учрашувда мамлакатимизнинг транспорт логистика соҳасидаги имкониятлари, хусусан «Навоий» халқаро аэропорти ва халқаро мультимодал логистика маркази, бу ерда ташкил этилган ҳар томонлама қулай инфрастуктура объектлари ҳамда халқаро ташувларни янада ривожлантириш борасида кўрилаётган чоралар ҳусусида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, давлат хусусий шериклиги асосида амалга оширилиши режалаштирилган инвестицион лойиҳалар бўйича ҳам маълумотлар тақдим этилди.
«Elsewedy Electric» компанияси учрашув давомида “ақлли” транспорт тизимларини яратиш ва амалиётга тадбиқ этиш, саноат парклари ва логистика марказларини қуриш бўйича амалга оширган йирик лойиҳалари тақдимотини ўтказди.
Учрашувда «Elsewedy Electric» компанияси юртимизда амалга оширилаётган йирик инвестицион лойиҳалар билан яқиндан танишиш учун ўз мутахасисларидан иборат махсус ишчи гуриҳини тузган ҳолда ҳамкорликда ишлашга келишиб олинди.