Кейинги йилларда мамлакатимизнинг барча соҳаларида демократик ўзгаришлар амалга оширилишида фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун зарур ҳуқуқий база яратилди.
Қолаверса, фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг шаффоф ва соғлом рақобат тамойилига асосланган тизимини яратиш, шунингдек, ижтимоий фойдали дастурлар самарадорлигини ошириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида жорий йил 26 августда “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди.
Мазкур фармонда белгиланган вазифалар ижроси доирасида жорий йилнинг 13 декабрь куни Транспорт вазирлигида фуқаролик жамияти институтлари вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказилди. Унда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти – нодавлат нотижорат ташкилот, Ўзбекистон Ногиронлар Ассоциацияси вакиллари ҳамда вазирлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари қатнашди.
Вазирлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган Очиқ мулоқотда 2024 йил давомида мамлакатимиз транспорт ва йўл хўжалиги соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилган ислоҳотлар, бу жараёнда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва уларнинг бевосита иштирокида амалга оширилган лойиҳалар натижаларига тўхталиб ўтилди. Транспорт вазирлиги мутасаддилари иштирокчиларнинг саволларига жавоб қайтарди, фуқаролик жамияти институти вакилларининг таклиф-мулоҳазалари тингланди.
Очиқ мулоқотда вазирлик Жамоатчилик кенгаши раиси Сайёра Ходжаева мамлакатимизда таъсирчан жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш бўйича ташкилий-ҳуқуқий механизмларнинг яратилиши, давлат органлари ва нодавлат ташкилотлари ўртасида ўзаро ишончли ва тенг манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш, самарали жамоатчилик бошқарувини йўлга қўйишга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.