Бугун, 17 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Германия Федератив Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Тило Клиннер билан учрашув ўтказди.
Учрашувда мамлакатларимиз ўртасида транспорт ва логистика соҳасидаги алоқаларнинг ҳозирги ҳолати ҳамда уларни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов мамлакатимиз логистика соҳасини ривожлантириш мақсадида Германиянинг «DB» концерни ва «DB Schenker» компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан тегишли ишлар олиб борилаётганлигини маълум қилди.
Шу билан бирга, автомобиль транспортида халқаро юк ташувлари соҳасида ташувчилар учун янада қулай шарт-шароитларни яратиш, халқаро рухсатнома бланкалари квоталарини ошириш масаласини кўриб чиқиш мақсадида Ўзбекистон ва Германия транспорт вазирликлари томонидан халқаро автомобиль ташувлари масалалари бўйича қўшма комиссия йиғилишини ўтказиш масаласи кўриб чиқилаётганлиги таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, «Uzbekistan Airports» АЖ мутахассисларини ГФРда аэропорт хизматлари соҳасида ўқитиш ва малакасини ошириш юзасидан «Fraport» компанияси билан фаол ҳамкорлик олиб борилаётганлиги қайд этиб ўтилди.
Учрашув давомида томонлар транспорт ва логистика соҳасида Ўзбекистон ва Германия ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича улкан салоҳият мавжудлиги ҳамда бу борада барча саъй-ҳаракатларни сафарбар этишга тайёр эканликларини билдирдилар.