Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Гонконг авиация ҳукумати билан келишувга эришилди

Чоп этиш Саҳифани улашиш
23.10.2024 1095 Yangiliklar

Аввал хабар берилганидек, Транспорт вазирлиги делегацияси Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида ИКАОнинг ICAN-2024 тадбирида иштирок этмоқда.

 

Тадбир доирасида Транспорт вазирлигининг илк учрашуви Гонконг авиация ҳукумати билан бўлиб ўтди.

 

Гонконг Хитой Халқ Республикасининг бир бўлаги ҳисобланса-да, алоҳида маъмурий ҳудуд бўлганлиги сабабли унинг авиация ҳукумати Хитой Халқ Республикаси авиацияси маъмуриятидан алоҳида фаолият юритади. Шунингдек, ўзининг ҳаво ҳудудидан ҳамда аэропортларидан фойдаланиш бўйича алоҳида мустақил қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга.

 

Гонконг аҳолиси 8 млн га яқин бўлиб, ялпи ички маҳсулот ҳажми 550 млрд АҚШ долларини ташкил этади. Шунингдек, Хитой ичидаги ушбу митти маъмурий ҳудуд хавфсизлик ва иқтисодий ўсиш даражаси ҳамда солиқ эркинлиги, шунингдек, инвестициялар учун яратилган имкониятлари билан дунёнинг молиявий марказларидан бири бўлиб қолмоқда.

 

Гонконг ҳудуди кичиклиги ҳамда ўз ресурсларига эга эмаслигига қарамай солиқ эркинлиги ва тадбиркорлар учун берилган бир қатор имтиёзлар сабабли маҳсулотлар реэкспорти бўйича Осиё ва Тинч океани ҳавзаси мамлакатлари орасида биринчиликни бермай келмоқда.

 

Хитойда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг аксарияти солиқ имтиёзи туфайли Гонконг томонидан реэкспорт қилиб келинади. Мазкур товар ва хомашёларнинг аксарияти Европа, Яқин Шарқ, Туркия ҳамда Араб мамлакатларига реэкспорт қилинади.

 

Ўзбекистоннинг географик жойлашуви мазкур юклар ташувида транзит вазифани ўташи учун ўта муҳим имконият ҳисобланади. Шунингдек, Гонконг ўзининг парвозлар географияси билан нафақат юк ташиш, шу билан бирга йўловчи ташиш бўйича йўналишлар ва парвозлар частотасининг кўплиги билан дунёнинг энг йирик авиакомпаниялари эътиборини тортиб келади.

 

Гонконг авиация ҳукумати билан эришилган мазкур келишув Ўзбекистонда ташкил этилган янги авиакомпаниялар учун янги парвоз маскани бўлиши ҳамда туристларни Ўзбекистонга олиб келиши учун кенг имкониятлар бериши билан бир қаторда Гонконгдан Европа, Туркия, Араб ҳамда бошқа мамлакатларга юкларни Ўзбекистон орқали транзит олиб ўтиши учун замин яратади.

 

Маълумот учун: Гонконг халқаро аэропортида йилига 40 млн йўловчига хизмат кўрсатилиб, 270 мингдан ортиқ учиш-қўниш операциялари амалга оширилади ҳамда 4.3 млн тонна юк ҳаво кемалари орқали ташилади. Аэропортдан 120 дан ортиқ авиакомпаниялар 220 дан ортиқ йўналишларга авиақатновларни амалга ошириб келади.

 

Шу кунга қадар Гонконг авиация ҳукумати ўзининг аэропорти гавжумлиги ҳамда ўтказувчанлик қобилияти тўла ҳажмда ишлаётганлиги сабабли авиақатновларни йўлга қўйиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан юборилган сўровномаларга рад жавобини бериб келган бўлса, ушбу аэропортда янги қурилган учиш қўниш йўлаги ҳамда аэропортнинг йўловчи ва юк терминали ўтказувчалик ҳажмининг оширилиши ва Транспорт вазирлиги томонидан эришилган ушбу келишув икки мамлакат ўртасида савдо, иқтисодий алоқалар, транспорт логистикаси ва туризмни ривожлантириш учун Ўзбекистон ҳамда Гонконг авиакомпанияларига янги эшикларни очади.