Самарқанд шаҳридаги “Буюк Ипак йўли” халқаро туризм марказида «Аэронавигация хизматларини жорий этиш» ва «Учувчисиз тизимлар парвозларини ташкил этиш» мавзусида Европа ва Шимолий Атлантика - ICАО гуруҳининг 6-халқаро йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Юртимизда илк бор ташкил этилган тадбирда Марказий Осиё давлатларидан ташқари Россия, Франция, Туркия, Молдова, Арманистон каби 11 та мамлакатдан 50 нафарга яқин халқаро экспертлар иштирок этмоқда.
– Кейинги йилларда Ўзбекистоннинг авиация тизими жадал ривожланмоқда, - дейди ICАОнинг Европа минтақаси бош котиби Свен Халл. - Бир қатор аэропортлар реконструкция қилинди, янги авиакомпаниялар ташкил этилмоқда. Парвозлар географияси кенгайтирилиб, самолётлар дунёнинг 50 дан зиёд давлатига учиб бормоқда. Энг муҳими, мамлакат аэронавигация тизими модернизация қилинди. Ўтган йили Арманистонда бўлиб ўтган йиғилишда навбатдаги форум айнан Самарқандда ўтказилишини ҳоҳлагандик. Чунки “Ўзаэронавигация” маркази томонидан ҳаводаги кенгликдан фойдаланиш ва ҳаракатни бошқаришда бошқалар ҳам ўрганадиган жиҳатлари жуда кўп. Беш кунлик форумда биз ҳам билим ва кўникмаларимизни улар билан баҳам кўрамиз. Экспертларимиз томонидан учувчисиз қурилмалар ва дронлар ҳақида, соҳада қўлланилаётган инновацион янгиликлар тақдимотларини ҳам ўтказамиз.
Ўзбекистоннинг ташкилотимизга аъзо бўлганига 30 йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, ҳали бирор марта бу каби тадбирлар ўтказилмаган эди, - дейди “Ўзаэронавигация” маркази ДУК директори Дониёр Жумаев. – Фуқаро авиациямизда янги давр бошлангач, республиканинг барча ҳудудларида ҳаводаги ҳаракатни бошқариш тизимини ривожлантириш ва модернизация қилишнинг ягона, аниқ бир мақсадга қаратилган сиёсатини олиб бориш имкони пайдо бўлди. Мамлакатимиз ҳам ICАО - Европа ва Шимолий Атлантика бюроси таркибига киради. Мазкур халқаро ташкилот аъзо давлатларни бевосита қўллаб-қувватлаб, улар фаолиятини мувофиқлаштириб келади.
- Бугунги кунда Европадан қилинаётган минглаб парвозлар Ўзбекистон осмонидан ўтади, - дейди “Evaair” ҳаво ҳаракатини бошқариш компанияси эксперти, Евроназорати менеджери Драгиса Станкович. – Шу сабабли йиғилишимизни ҳам юртингизда ўтказилишида муҳим асос бор. Дунёнинг турли давлатларидан келган фуқаролик авиацияси соҳаси мутахассислари жам бўлиб, соҳада пайдо бўлган муаммоларни бартараф этиш, биргаликда ечимларини топиш устида бош қотирмоқда. Чунки авиацияда ҳам, аэронавигация соҳасида ҳам ҳали биргаликда қилиниши керак бўлган ишлар жуда кўп.
Мазкур тадбир Ўзбекистоннинг халқаро фуқаро авиация ҳамжамиятидаги миллий аэронавигация хизматлари тизими мавқеини оширишга, соҳада эришилган ютуқлар, сўнгги тенденциялар, инновациялар ва илғор тажрибалар ҳақида маълумот ва фикр алмашиш ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз.