Хоразм вилояти транспорт бошқармаси аҳолидан келиб тушган мурожаатлар асосида ҳудудларда жамоат транспортининг бугунги кундаги аҳволини янада яхшилаш, мазкур йўналишда кўрсатилаётган сервис хизматлари сифатини ошириш бўйича қатор ишларни амалга оширмоқда. Жумладан, вилоятнинг Ҳазорасп ва Хива туманларида кўп йиллардан бери фаолияти тўхтаб қолган қатор йўналишларда автобус қатновларини қайта тиклаш бўйича чоралар кўрилди.
Хусусан, “Хива темир йўл вокзали – Пишканик” “Хива темир йўл вокзали – Қорақум”, “Хива темир йўл вокзали – Шомохулум” йўналишларида “Автотранс Хоразм” унитар корхонасига сотиб олинган янги 6 та ISUZU автобуслари жойлаштирилди.
Автобусларнинг оралиқ қатнов вақти 15-20 дақиққа этиб белгиланган бўлиб, эрталаб соат 07:00 дан 19:00 гача йўловчиларга хизмат кўрсатади. Бу билан Хива тумани ва чекка қишлоқларда яшовчи 700-1000 нафардан ортиқ аҳолининг жамоат транспортига бўлган эҳтиёжи тўлиқ қондирилди. Эндиликда Хива туманида истиқомат қилаётган аҳолининг шаҳар марказига ортиқча оворагарчиликсиз етиб олиш имконияти яратилди.
Шунингдек, Ҳазорасп туманида «Шарк Юлдузи – Ҳазорасп буюм бозори», «Туғруқхона – Ҳазорасп буюм бозори», «Янгибозор – Ҳазорасп буюм бозори» йўналишларида ҳам автобус қатновлари йўлга қўйилди. Автобуслар қатнови йўлга қўйилишида уларнинг ҳаракатланиши Янгибозор, Карвак, Овшар, Мухомон ва Саноат қишлоғи ҳамда туман марказидан ўтишини инобатга олган ҳолда йўналиш схемалари ишлаб чиқилди.
Автобус қатновларнинг йўлга қўйилиши янги йил байрами арафасида ушбу ҳудудлар аҳолиси учун ўзига ҳос байрам туҳфаси бўлди.