Жорий йилнинг 8 июнидан сариқ ва яшил тоифадаги ҳудудларда жамоат транспортлари – автобуслар ҳаракатига рухсат берилди. Аммо, карантин талабларининг юмшатилиши ҳайдовчи ва йўловчиларни масъулиятдан озод этмайди. Яъни, уларнинг карантин талаблари асосида ҳаракатланишлари қатъий назоратга олинган.
Жумладан, Транспорт вазирлигининг автомобиль ташувлари хавфсизлигини таъминлашни назорат қилиш бошқармаси инспекторлари томонидан жойларда қатнаётган автобус ҳамда йўналишсиз таксилар ҳаракати ва уларда йўловчи ва ҳайдовчи ҳамда чиптачиларнинг санитария ва гигиена қоидаларига амал қилиш ҳолатлари назорат қилиб борилмоқда.
Хусусан, автобус ва йўналишсиз такси ҳайдовчиларининг тиббий ниқоб ва қўлқопда бўлишлари, такси салонларида йўловчи ва ҳайдовчи ўриндиқларининг махсус шаффоф плёнка билан ажратилиши доимий нозирлар кузатувида. Шу билан бирга йўловчиларнинг транспортда ниқобда юришлари ҳам улар эътиборида. Аниқланаётган ҳолатлар бўйича эса тегишли чоралар кўрилмоқда.
Шу ўринда жамоат транспорти хизматидан фойдаланишда йўловчилардан ўз саломатлигига бефарқ бўлмаган ҳолда карантин талаб қоидаларига қатъий амал қилишларини сўраб қоламиз.