“Ўзбекистон темир йўллари” АЖда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари мамлакатимиз магистрал инфратузилмасини модернизация қилиш ва кенгайтириш бўйича комплекс режаларни амалга оширишга қаратилган.
2022 йилда ана шундай лойиҳалардан бирини амалга ошириш давом эттирилмоқда, бу – “Бухоро – Урганч – Хива темир йўл линиясини электрлаштириш”. Маълумки, Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ва Осиё инфратузилма инвестициялари банки (АИИБ) ушбу участкани электрлаштириш учун кредит ажратишни маъқуллаган.
Сайёҳлик салоҳиятини юксалтиришга кўмаклашувчи ва мамлакатимиз иқтисодий ўсиш суръатларини ошириш омилларидан бири бўлган мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлаш жоиз. Бундан ташқари, ушбу лойиҳа Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик “2-коридор” дастурининг бир қисмидир. Ушбу дастурнинг амалга оширилиши Марказий Осиё орқали Хитойни Европа билан боғловчи транспорт коридорини ташкил этиш имконини яратади. Темир йўл алоқаларининг тезлигини ва сифатини ошириш, қўшни давлатлар билан алоқа ва савдони яхшилашга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 декабрдаги ПҚ-4937-сон “2021-2023-йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2018 йил 16 июлдаги ПҚ-3857-сон “Халқаро молия институтлари ва хорижий давлат молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга ошириш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорларига асосан “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Капитал қурилиш дирекцияси бош лойиҳачи “БошТрансЛойҳа” АЖ билан биргаликда “Бухоро – Урганч – Хива темир йўлини электрлаштириш” лойиҳасининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқди.
Маълумки, Бухоро, Мискин, Урганч ва Хива шаҳарларини боғловчи электрлаштирилган участканинг умумий узунлиги 465, 5 километрни ташкил этади. Лойиҳада режалаштирилаётган ишларга кўра, электр туташтирувчи тармоғининг навбатчилик бинолар, қўриқланадиган темир йўл кесишмалар, автомобиллар учун йўл ўтказгичлар ҳамда локомотив бригадаси учун дам олиш уйи қурилиши кўзда тутилган. Шунингдек, вагонларга техник хизмат кўрсатиш пунктлари ва қисмларга ажратиш ҳамда жорий таъмирлаш саноат корхонасини реконструкция қилиш, техник хизмат кўрсатиш биноларни қуриш (пост ЭС) ва бошқа темир йўлга техник хизмат кўрсатиш бино ва иншоотларини қуриш лойиҳаси режалаштирилган.
Таъкидлаш жоизки, мазкур лойиҳани электрлаштириш ишлари бир вақтнинг ўзида Бухоро ва Хоразм вилоятларидан икки томондан бир-бирига қараб амалга оширилмоқда. Айни пайтда контакт тармоғининг пойдевори ва темир-бетон таянчлари ўрнатилмоқда. Юқори тезликда қатновчи поездлар йўналиши бўйлаб ҳимоя панжаралар ҳам ўрнатилади. Алоқа тармоғини ўрнатиш учун 12 минг донадан ортиқ темир-бетон устунлар ўрнатиш, шунингдек, ушбу электрлаштирилган участкага хизмат кўрсатиш учун махсус жиҳозлар ва шахсий ҳимоя воситаларини харид қилиш режалаштирилган.
Эътироф этиш лозимки, ушбу йўналишнинг электрлаштирилиши келгусида Тошкент – Самарқанд – Навоий – Бухоро – Урганч – Хива йўналишида тезюрар ҳамда юқори тезликда ҳаракатланувчи экологик хавфсиз электропоездлар қатновини йўлга қўйишда муҳим аҳамиятга эга бўлади. Табиийки, бу сафар учун кетадиган вақт, ёнилғи ва бошқа харажатларнинг ҳам тежалишига замин яратади. Қолаверса, атроф-муҳит экологиясига ҳам салбий таъсирини камайтиради.
Ушбу лойиҳа якунига етгач, Бухоро – Урганч – Хива йўналишида юк ва йўловчи поездларининг электровозларда ҳаракатланишига имкон яратилади. Энг муҳими Тошкент – Хива йўналишида юқори тезликда ҳаракатланадиган “Афросиёб” поездлари қатнови йўлга қўйилади.
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Ахборот-таҳлилий медиа маркази