Бугун, 15 декабрь куни Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар транспорт вазирларининг йиғилиши бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири в.б. И.Маҳкамов ҳамда транспорт вазири ўринбосари в.б. Д.Деҳқонов иштирок этди.
Видеоконференц алоқа шаклида бўлиб ўтган йиғилишда Covid-19 пандемияси шароитида чегара тартиб-таомилларини енгиллаштириш бўйича Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг амалий қўлланмасини тасдиқлаш масаласи муҳокама этилди.
Учрашувда ИҲТга аъзо давлатлар транспорт ташкилотлари раҳбарларининг эпидемиологик вазият туфайли юзага келган қийинчиликларни бартараф этиш юзасидан ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш бўйича ҳисоботлари тингланди.
Учрашувда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар “Покистон – Афғонистон – Марказий Осиё”, “Эрон – Афғонистон – Марказий Осиё” ва “Эрон – Туркманистон – Марказий Осиё” автомобиль ва темир йўл коридорларини ташкил этиш орқали ИҲТ транспорт коридорларини кенгайтиришни қўллаб-қувватлашди.
Учрашув якуни бўйича Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар транспорт вазирларининг қўшма Декларацияси қабул қилинди.