Хоразм вилоятида аҳолига кўрсатилаётган транспорт хизматлари сифатини ошириш, шаҳар жамоат транспорти тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишларни янада жадаллаштириш мақсадида Транспорт вазири ўринбосари И.Абдугафаров вилоятдаги қатор йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи корхоналар фаолияти билан яқиндан танишди.
Корхона раҳбарлари билан ўтказилган учрашувда “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-59-сон қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, хусусан, йўловчи ташишни брутто-шартнома асосида молиялаштиришни жорий этиш юзасидан долзарб масалалар ташувчилар иштирокида муҳокама этилди.
Вазир ўринбосари И.Абдугафаров Урганч шаҳридаги “Бунёд йўловчи ташиш” МЧЖ автобус саройида олиб борилган қўшимча қурилиш ишлари билан яқиндан танишилди. Диспетчерлик фаолияти ва ҳозирги кунда брутто-шартномаси бўйича фаолият юритаётган йўналишлар ҳисоботи қандай шакллантирилаётганлиги, янги харид қилиниши кутилаётган автобусларни қайси йўналишларга бириктириш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, “Хоразм троллейбус саройи” давлат муассасаси фаолияти билан ҳам яқиндан танишилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 29 ноябрдаги “Хоразм вилоятини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-410-сонли қарори ижроси мутасаддилар иштирокида муҳокама этилди. Давлат муассасасининг иқтисодий аҳволини яхшилаш, шу жумладан янги троллейбусларни харид қилиш ҳамда уларни сақлаш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.