Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Жамоатчилик кенгаши пойтахт жамоат транспортида жорий этилган янги тизим юзасидан аҳоли фикрини ўрганди

Чоп этиш Саҳифани улашиш
16.01.2025 255 Yangiliklar

Транспорт вазирлиги Жамоатчилик кенгаши аъзолари томонидан пойтахт жамоат транспорти автобусларда 2025 йилнинг 1 январь санасидан эътиборан нақд пулда тўловларни қабул қилиш амалиётининг тўхталиши билан боғлиқ жараёнлар, йўловчилар учун яратилган электрон тўлов усуллари, бир марталик QR-чипталарни сотиб олиш учун мавжуд шароитлар билан танишиш мақсадида жамоатчилик назорати ўтказилди.

 

Вазирлик Жамоатчилик кенгаши раиси Сайёра Ходжаева ва кенгаш аъзолари йўловчи оқими катта бўлган автобус бекатларида бўлиб, янги тизим юзасидан аҳоли фикри билан яқиндан танишишди. Йўл ҳақи тўловларини электрон шаклда амалга ошириш имкониятлари ўрганиб чиқилди.

 

Шундан сўнг, Тошкент шаҳар транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи Миракбар Икрамов билан амалиётга жорий этилган янги тизимнинг аҳамияти, кутилаётган натижалар ва кўрсаткичлар юзасидан фикр алмашилди. Жамоатчилик назорати давомида йўловчиларнинг янги тизимга кўникиб ва мослашиб олиши йўлида тарғибот ва тушунтириш ишларини янада кучайтириш, ҳар бир аҳолининг хабардорлик даражасини ошириш орқали тўлов маданиятини юксалтириш долзарб аҳамият эга эканлиги таъкидлаб ўтилди.

 

Тошкент шаҳар транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи Миракбар Икрамов аҳоли томонидан билдирилган, таклифлар ва мурожаатлар, қолаверса, жамоатчилик фаоллари ҳамда ижтимоий тармоқларда билдирилган фикрларни инобатга олган ҳолда йўловчиларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида бир марталик QR-чипталар сотиб олиш имкониятини берувчи инфокиосклар сонини кўпайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан батафсил маълумот берди.

 

Шунингдек, Тошкент шаҳри жамоат транспорти тизимни ривожлантириш мақсадида соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, уларнинг натижаси, тизимда рақамлаштириш жараёнлари, автобус ташувлари хавфсизилигини таъминлаш ҳамда сифат назорати юзасидан ўрнатилган мониторинг ҳамда диспетчерлар иш фаолияти билан танишилди.  

 

Жамоатчилик кенгаши аъзолари автобусларда нақд пулда тўловларни қабул қилиш амалиётининг тўхтатилиши нафақат тушумлар шаффофлиги таъминлаши, қолаверса, йўловчиларга кўрсатилаётган транспорт хизмати сифати ошиши ва энг муҳими ташувларнинг янада хавфсиз бўлишида муҳим қадам эканлигини таъкидлаб ўтишди.