Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Йўловчиларни ўз вақтида манзилига етказиш бўйича қўшимча чоралар кўрилмоқда

Чоп этиш Саҳифани улашиш
27.12.2021 4683 Yangiliklar

 

Янги йил байрами муносабати билан йўловчилар оқимининг кескин ортиши сабабли аҳолининг ҳудудларга ҳаракатланиш имкониятини ошириш, йўловчиларнинг ўз вақтида манзилларига етиб олишини таъминлаш мақсадида Транспорт вазирлиги соҳа ташкилотлари билан ҳамкорликда қўшимча чора - тадбирларни амалга оширмоқда.

Хусусан, амалдаги мунтазам қатновлардан ташқари жорий йилнинг 27 декабридан 30 декабригача Uzbekistan airways авиакомпанияси томонидан Тошкент – Нукус, Тошкент – Бухоро йўналишларида иккитадан, Тошкент – Қарши, Тошкент – Наманган, Тошкент – Термиз йўналишларида биттадан, Тошкент – Урганч йўналишида эса қўшимча учта рейс амалга оширилади. Натижада ҳафтасига қўшимча қатновлар сони жами 10 тани ташкил этмоқда.

Бундан ташқари Тошкент – Нукус, Тошкент – Бухоро ва Тошкент – Урганч йўналишларида 7 та парвозга 150 ўриндиқли А 320 русумли ҳаво кемалари Boeing 757 (184 ўриндиқли) ва Boeing 767 (247 ўриндиқли) русумли ҳаво кемаларига алмаштирилди. Бунинг натижасида 427 та қўшимча йўловчилар ташишга ўриндиқлар яратилди.

Темир йўл транспортида эса "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ томонидан жорий йилнинг 25 декабрь кунидан 2022 йилнинг 10 январь кунига қадар юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” электропоездининг “Тошкент – Бухоро – Тошкент” йўналишида ҳар кунлик қатнови йўлга қўйилди.

Шунингдек, 27 ҳамда 29 декабрь кунлари “Тошкент – Бухоро – Урганч” йўналишида қўшимча иккита йўловчи поезди қатнови ташкил этилиши белгиланди.

Бундан ташқари Тошкент – Термиз, Тошкент – Нукус, Тошкент – Урганч йўналишларида ҳаркатланаётган йўловчи поездларига қўшимча 4 тадан плацкарт вагонлари уланмоқда.

Шунингдек, қуйидаги йўналишларда Тошкент – Нукус (2 та), Тошкент – Бухоро (12 та) Тошкент –Жиззах (3 та), Тошкент – Қарши (16 та), Тошкент –Навоий (17 та), Тошкент – Самарқанд (19 та), Тошкент – Термиз (43 та), Тошкент – Сирдарё (5 та), Тошкент – Урганч (18 та) қўшимча автобуслар қатнови амалга оширилади.

Ушбу чора-тадбирлар натижасида аҳолининг республикамиз ҳудудлари бўйлаб транспортда ҳаркатланишига бўлган мавсумий талаб тўла қондирилади.