Ноябрь ойи “Кексалар учун туризм ойлиги” деб эълон қилиниши муносабати билан Ўзбекистонда меҳмонхона ва умумий овқатланиш масканларидаги хизматлар учун ихтиёрий чегирмалар жорий этилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 майдаги “Кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури”га мувофиқ, мамлакат бўйлаб кекса авлод вакилларининг саёҳат қилишини рағбатлантириш мақсадида ноябрь ойи “Кексалар туризм ойлиги” дея эълон қилинди.
Кексалар ойлигини муносиб ўтказиш, уларнинг дам олишларини мароқли ташкил этиш ҳамда ички туризмни ривожлантириш мақсадида Республикадаги 223 та жойлаштириш воситаси (меҳмонхоналар ва меҳмон уйлари) хизматлари учун - 50 фоизгача, 204 та умумий овқатланиш масканларидаги хизматлар учун 20 фоизгача ихтиёрий чегирмалар жорий этилди.
Шунингдек, “Uzbekistan Airways” АЖ томонидан 1-30 ноябр кунлари Республика ичидаги авиақатновларда 60 ёшдан юқори эркаклар ва 55 ёшдан юқори бўлган аёллар учун эконом ва бизнес тоифаларининг (LPR3M, UPR3M, SPR3M, OPR3M ташқари) жорий нархларга 25 фоиз миқдорда ихтиёрий чегирмалар жорий этилган.
Бундан ташқари, ноябр ойида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан мамлакат ичидаги амалдаги тарифларга 10 фоиз миқдорда ҳамда “Uzautotrans Service” МЧЖ томонидан маҳаллий йўналишларда қатновчи автобус чипта нархларига 10 фоиз миқдорда ихтиёрий чегирмалар амал қилади.
Шу билан бирга, кексаларни зиёратгоҳ ва маданий мерос обйектларига кириш учун Ўзбекистон Мусулмонлар идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Хоразм вилоятларидаги 6 та зиёратгоҳга нафақа ва кекса ёшдаги фуқаролар учун 50 фоиз миқдорида чегирмалар белгиланган.
Маданий мерос агентлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё ва Хоразм вилоятларидаги 24 та маданий мерос объектларига кириш учун 20 фоиз миқдорда чегирмалар жорий этилган.
Туризм ва спорт вазирлиги томонидан 14 ҳудуд бўйича зиёратгоҳлар ва қадамжоларни ўзаро боғлаган ички туризм саёҳат дастурлари ишлаб чиқилиб, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан барча ҳудудлардан фуқаролар йиғинларидаги кекса авлод вакилларидан иборат фаолларни кенг жалб этиш бўйича тарғибот тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
Республика махсус комиссиясининг қарорига асосан мамлакатимизда ички туризмга рухсат берилгани муносабати билан кексаларни дам олишини мароқли ташкил этишда, уларнинг саломатлиги ва хавфсизлиги, шунингдек, санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этилади.