Бугун Транспорт вазирлиги делегацияси ИКАОнинг ICAN-2024 тадбирида иштирок этиш учун Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрига етиб келди.
ICAN тадбири халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти ИКАО томонидан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинади. Мазкур тадбир ИКАОга аъзо мамлакатларнинг “Авиация ҳукуматлари” томонидан халқаро авиаташувларни ривожлантириш, парвозлар ҳажмини ошириш ва географиясини кенгайтириш бўйича учрашувлар ўтказиш ҳамда давлатлараро келишувга эришишни ташкиллаштиришга кўмаклашувчи ўзига хос платформа ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги ПФ–158-сон фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон–2030” стратегиясининг 53-мақсадига мувофиқ 2030 йилга қадар авиақатновлар сонини 4 баробарга ошириш белгиланган.
Ўзбекистон авиацияси ҳукумати олдига қўйилган ушбу вазифани бажариш ва стратегияда белгиланган мақсадга эришиш учун ICAN тадбири жуда ҳам муҳим ҳисобланади. Бу сафарги тадбирда авиақатновлар бўйича келишувларга эришиш юзасидан 100 га яқин мамлакатлар қатнашмоқда.
Ўзбекистон делегацияси давлат раҳбарининг топшириғини бажариш мақсадида 16 та мамлакат вакиллари билан учрашишни режалаштирган. Ушбу давлатлар орасида янги йўналишда авиақатновлар йўлга қўйилиши кутилаётган Канада, Испания, Гонконг, Иордания, Марокаш, Танзания каби мамлакатлар бор.
Янги йўналишларда авиақатновлар йўлга қўйилишини ташкил этиш бўйича имзоланиши кутилаётган ҳуқуқий ҳужжатлар аҳамиятини инобатга олган ҳолда бу сафарги тадбирларда Транспорт вазирлиги делегациясига Ташқи ишлар вазирлигининг икки томонлама халқаро шартномалар бўлимидан вакил бириктирилган.
Эслатиб ўтамиз тадбир 21-25 октябрь кунлари давомида бўлиб ўтади.