Бугун, 7 февраль куни транспорт масалалари бўйича Ўзбекистон-Латвия ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири ўринбосари Абдусамат Мўминов ҳамда Латвия Республикаси Транспорт вазири ўринбосари Улдис Рейманис раҳбарлигида бўлиб ўтган музокараларда мамлакатларимиз ўртасида транспортнинг барча турлари бўйича икки томонлама алоқаларни ривожлантиришнинг муҳим масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда томонлар ҳаво транспорти соҳасидаги ҳамкорликнинг ижобий динамикасини юқори баҳолашди. Хусусан, 2021 йилда Тошкент – Рига – Тошкент йўналишида мунтазам қатновларнинг қайта тикланганлигини алоҳида эътироф этиб, ушбу йўналишда ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон ва Латвия авиация маъмуриятлари ўртасида ўзаро англашув протоколи имзоланди. Унга мувофиқ “Uzbekistan airways” ва “AirBaltic” авиакомпаниялари ўртасида тижорат ҳамкорлиги кенгайтирилади.
Бу эса икки мамлакат авиакомпанияларига қўшма шериклик қатновлари (код-шеринг) орқали парвозлар географиясини кенгайтириш имконини беради. “Uzbekistan Airways” АЖ йўловчилари “AirBaltic” авиакомпанияси қатновлар тармоғининг Таллин (Эстония), Вильнюс (Литва), Стокгольм (Швеция), Копенгаген (Дания), Хельсинки (Финляндия) ва Амстердам (Нидерландия) каби йўналишларида парвоз қилиш имкониятига эга бўлади.
Учрашув давомида автомобиль транспорти соҳасидаги қўшма ҳаракатлар самарадорлиги масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Хусусан, 2022 йилда Ўзбекистон томонидан Европа Иттифоқи мамлакатлари автомобиль транспортида халқаро юк ташувчиларига тўловларнинг камайтирилгани алоҳида эътироф этилди.
Автомобиль транспорида юк ташувлари ҳажмини кўпайтириш ҳамда юкларни етказиб бериш занжири узлуксизлигини таъминлаш бўйича билдирилган таклифларни Латвия томони қўллаб-қувватлади.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва Латвия транспорт вазирликлари ўртасида 2022 йилга мўлжалланган ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари бўйича қўшма “Йўл харитаси” имзоланди.