Юртимиз серҳосил боғ-роғлари, полиз маҳсулотлари билан дунёга машҳур. Ўзбекистонда шароитида етиштирилган мева-сабзавотлар бебаҳо хусусиятлари ва фойдали микроэлементларга бойлиги сабаб хориж бозорида уларга бўлган талаб ортиб боряпти.
Айниқса мамлакатимиз боғларида етиштирилган сара гилослар жаҳон бозорида харидоргир. Ўзига хос таъм ва кўринишга эга меваларимизга бўлган талаб бу йил янада юқори бўлиши кутилмоқда. Жорий йилда республика бўйича барча тоифадаги хўжаликлар томонидан жами 183 минг тонна, шундан 82,2 минг тонна фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан гилос маҳсулотлари етиштириш прогноз кўрсаткичлари белгиланган.
Айни кунларда боғлар ва аҳолининг томорқасида гилос пишган бўлиб, харидор эшик қоқиб турибди. Асосий харидорлар – Россия, Корея ва Дубайга бу сархил мевалар экспорт қилиняпти.
Хусусан, жорий йилнинг 22 май куни Gold Dried Fruits Export корхонаси 30 тонна янги узилган гилос маҳсулотини Корея Республикасига экспортини амалга оширди. Ушбу корхона жорий йилда 500 тонна гилос етказиб бериш бўйича Корея Республикасининг NK GLOBALNET Co.LTD компанияси билан шартнома имзолаган.
Замонавий логистика марказида гилосни саралаш, қайта ишлаш, қадоқлаш ишлари якунлангач Тошкент халқаро аэропортининг Карго марказига олиб келинади. Бу ерда иш кеча-ю-кундуз давом этади. Карго маркази ишчи ходимлари экспортёр корхоналар томонидан хорижга жўнатиш учун тайёрланган юкларни белгиланган манзилга жўнатиш учун якуний жараёнларни амалга оширишади.
Жаҳон бозорларида рақобат кескинлашиб бораётган ҳозирги шароитда маҳсулотлар экспорти ҳажмини ошириш орқали, янги бозорларга кириб бориш ва анъанавий бозорларда эса ўз ўрнини мустаҳкамлаш учун экспорт қилувчиларни давлат томонидан янада кенгайтириш зарурияти юзага келтирмоқда. Карантин даврида тадбиркорлар ва экспортёрларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга амалий кўмак бериш мақсадида Республикамизнинг барча вилоятларида экспортга кўмаклашиш штаблари ташкил этилган бўлиб. Барча муаммолар жойида ҳал этилиб, харидорларга сифатли маҳсулотларни ўз вақтида етказиб бериш чоралари кўрилмоқда.
Ҳурматли Тадбиркорлар ва ТИФ иштирокчилари Ҳаво, автомобиль ва темир йўл транспортида экспорт маҳсулотларини ташиш билан боғлиқ барча масалалар бўйича Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Штабининг 238-52-52, Транспорт вазирлигининг 11-67 ва Давлат божхона қўмитасининг 11-08 қисқа рақамли ишонч телефонларига мурожаат этишингиз мумкин.