Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Миллий ташувчилар учун долзарб маълумот

Чоп этиш Саҳифани улашиш
05.12.2024 937 Yangiliklar

Жорий йилнинг 3 декабрь куни Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази Қозоғистон Республикаси божхона идоралари билан видеоалоқа орқали учрашув ўтказди.

 

Учрашувда ўзбек миллий ташувчиларининг Қозоғистон Республикасига кириш ва чиқиш пунктларида дуч келаётган муаммолар муҳокама қилинди. Учрашув якуни бўйича қуйидагилар маълум қилинди:

 

Навбатларни онлайн бронь қилиш

 

Қозоғистон томони юк ташувчиларга https://cgr.qoldau.kz/ru/start сайтида мустақил рўйхатдан ўтишни тавсия этади. Бу сайтда назорат-ўтказиш пунктларидаги навбатни онлайн бронь қилиш имконияти мавжуд.

 

Ўзбекистон фуқаролари рўйхатдан ўтиш саҳифасида Қозоғистон резиденти эмаслигини билдирадиган тугмани белгилаши керак. Шунингдек, ИНН (СТИР) киритиш ойнасини тўлдириш шарт эмас. Бунда ушбу саҳифасини “далее” тугмасини босиб ўтказиб юбориш кифоя. Текшириш коди WhatsApp ижтимоий тармоғидаги телефон рақамига юборилади.

 

Рўйхатдан ўтиш ва шахсий кабинетни очишда юк ташувчига рақамли гаражни шакллантириш имкониятини берилади. Бу гаражда ташувчига тегишли барча автотранспорт воситаларининг маълумотлари ва рақамлари сақланади. Бунда, автотранспорт воситаси фақат битта шахснинг рақамли гаражига тегишли бўлиши мумкин.

 

Эслатма: Агар сизнинг автотранспорт воситангиз учинчи шахс (ўртакаш) гаражида рўйхатдан ўтган бўлса, кейинчалик бу транспорт воситасини ўз гаражингизга қўша олмайсиз, шунингдек, навбат бронини ҳам ололмайсиз. Ушбу ҳолатда илгари навбатга қўйиш хизматларини кўрсатган шахсларда автотранспорт воситаларингиз унинг гаражларига қўшилиб қолади. Натижада, автомобиль эгалари ушбу автотранспорт воситаларини ўзининг "рақамли гаражи"га қайта кирита олмайди.

 

Бу муаммони ҳал қилиш учун қуйидаги ҳужжатларни электрон навбат тизими администраторининг cargoruqsat@gmail.com электрон почта манзилига юборишингиз сўралади:

 

▪️ автомобилнинг техник паспорти нусхаси;
▪️ автомобиль эгасининг паспорти нусхаси (юридик шахс бўлса, компаниянинг таъсис ҳужжатлари).

 

Бундан ташқари, қўшимча қулайлик учун шахсий кабинетда бошқарув ва навбатни бронь қилиш учун маълум муддатга ишончнома берилган вакилларни қўшиш имконияти мавжуд.

 

Ҳозирги вақтда Carqo Ruqsat сайтида ҳамённи исталган банкнинг Ўзбекистон Visa\Mastercard карталаридан онлайн тўлдириш имконияти мавжуд. Айни пайтда бронь қилиш суммаси Қозоғистоннинг 1 БҲМ миқдорида - 3692 тенге (тахминан 90 000 сўм) ни ташкил этади.

 

Саволларни тезда ҳал қилиш ва қўшимча маълумотларни олиш учун мутахассислар ва маъмурлар мавжуд бўлган https://t.me/cargoruqsat телеграм гуруҳига мурожаат қилиш мумкин.

 

Транзит декларацияси

 

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон фуқаролари учун "Keden" тизими орқали электрон транзит декларациясини мустақил равишда тақдим этиш имконияти фақат Қозоғистон ҳудудида рўйхатдан ўтган ваколатхона мавжуд бўлганда ва https://keden.kz/ сайтида тасдиқланган ЭРИ билан амалга оширилиши мумкин.

 

Агар Қозоғистон ҳудудида рўйхатдан ўтган ваколатхона бўлмаса, жаҳон амалиётига кўра электрон транзит декларацияси брокерлар ёрдамида амалга оширилади.

 

Бугунги кунга декларацияни расмийлаштириш нархи 43 000 тенге этиб белгиланган. Охирги нархни оширилганлиги брокерлик корхоналарининг қарори ҳисобланади ва уларнинг нарх сиёсати Қозоғистон божхона органлари томонидан тартибга солинмайди.

 

Шу билан бирга, 43 000 тенге нархига Қозоғистон Республикасининг 6 БҲМ миқдорида, яъни 22 152 тенге мажбурий давлат божи киради. 6 БҲМдан юқори бўлган барча тўловлар брокерлик хизматлари учун белгиланган ставка ҳисобланади.

 

Транзит декларациясини ёпиш

 

Транзит декларациясини ёпишнинг жорий ҳолатини аниқлаш учун декларациянинг ҳолати ва уни ёпмасликнинг эҳтимолий сабаблари тўғрисида маълумотларга эга божхона брокерларига мурожаат қилишингиз мумкин.

 

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги илтимосига асосан Қозоғистон томонидан транзит декларациясининг ҳолатини унинг рақами бўйича текшириш имконини берадиган янги онлайн хизмат ишлаб чиқишга келишилди. Бу хизмат расмий веб-сайтда (https://keden.kz/) жорий этилади ва оммавий ҳамда осон мониторинг учун қулай восита тақдим этади.

 

Хизматнинг яқин келажакда ишга туширилиши кутилмоқда. Бу текширув жараёнини сезиларли даражада соддалаштиради ва транзит декларациялари билан ишлашнинг шаффофлигини оширади, фойдаланувчиларга долзарб маълумотларни тезкор олиш имкониятини беради.

 

Ҳозирги вақтда веб-сайтдаги янгиликларни кузатиб бориш ва ёпилмаган декларациялар билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш учун божхона брокерларининг кўмагидан фойдаланиш тавсия этилади.