Жорий йилнинг 26 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ҳамда Миср Араб Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Амира Фахми хоним ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда икки мамлакат ўртасида фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.
Фахми хоним мамлакатларимиз ўртасида фуқаро авиацияси соҳасида ҳамкорликнинг ривожланиб бораётганини мамнуният билан таъкидлаб, Тошкент – Хургада ўртасида қатновларнинг йўлга қўйилганини алоҳида қайд этиб ўтди.
Учрашув давомида Ўзбекистон томонидан Шарм-ал-Шайхга қатновларни мунтазам равишда йўлга қўйиш, Мисрнинг тайинланган авиакомпанияси «Air Cairo» томонидан Тошкент – Қоҳира ва Тошкент – Хургада йўналишида рейслар сонини кўпайтириш, шунингдек, Самарқанд, Бухоро ва Фарғонадан Қоҳирага авиақатновларни йўлга қўйиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида томонлар яқин вақт оралиғида Ўзбекистон ва Миср авиация маъмуриятлари ҳамда томонларнинг тайинланган авиакомпаниялари иштирокида кўтарилган масалаларни чуқур ўрганиш ҳамда уларнинг ечими юзасидан учрашув ўтказишга келишиб олди.