Транспорт вазирлигида Халқаро автомобиль ташувлари масалалари бўйича Ўзбекистон – Мўғулистон Қўшма комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Икки мамлакат транспорт вазирлиги мутасадди вакиллари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда автомобиль транспортида халқаро ташувларни ривожланиш, ушбу жараёнда миллий ташувчиларга қулай шароитларни яратиш масалалари муҳокама этилди.
Йиғилишда томонлар мамлакатларимиз ўртасида халқаро автомобиль ташувларининг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашди.
Учрашувда ҳар икки томон вакиллари халқаро автомобиль ташувлари соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлигини алоҳида таъкидлаб ўтишди. Шу муносабат билан томонлар 2025 йилга мўлжалланган рухсатнома бланкаларини 2 баробарга кўпайтиришга келишиб олдилар.
Шунингдек, томонлар юк ташувлари жараёнини жадаллаштириш мақсадида мамлакатлар ўртасида рухсатнома бланкаларини электрон «Э-Пермит» айирбошлаш тизими жорий этишни билан боғлиқ жиҳатларни муҳокама этишди.