Маънавий етук, комил инсонни тарбиялашда музейларнинг ўрни ниҳоятда беқиёс. Зеро, музейларда сақланаётган тарихий ашёлар, нодир қўлёзмалар, ҳужжатлар авлодларга тарихдан, аждодларимиз ҳаёти, юксак маънавиятидан ҳикоя қилади.
Бу эса ёшлар қалбида ота-боболаримиз қолдирган меросга ҳурмат, эъзоз ва муҳаббат туйғусини уйғотиш билан бирга, уларда шу азиз Ватанга муносиб фарзанд бўлиш туйғусини ҳам шакллантиради.
Айни шу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда Транспорт вазирлиги бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси томонидан “Мозийга саёҳат” дастури доирасида вазирлик марказий аппарати ва унинг тизимида фаолият юритаётган бир гуруҳ ёшларнинг пойтахтимиздаги Темурийлар тарихи давлат музейига ташрифи ташкил этилди.
– Ўзликни англаш тарихни англашдан бошланади. Жонажон Ўзбекистонимиз буюк тарих ва улуғ аждодларимиз маконидир. Ёшларимизни ўтмишдан ва унинг сабоқларидан хабардор қилиш эса бугунги куннинг муҳим вазифалардан биридир, – дейди вазирлик бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси раиси Ф. Нoрхўжаев.
Таъкидлаш жоизки, бу каби экскурсиялар ёш ходимлар ва ёш авлодга маънавий озуқа бериш ҳамда уларда ватанга муҳаббат, аждодларга, тарихимзга бўлган фахр туйғуларини оширишда муҳим аҳамиятга эга.