Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Navoiy shahri jamoat transporti tizimi va infratuzilmasini takomillashtirish bosh rejasi ishlab chiqilmoqda

Чоп этиш Саҳифани улашиш
15.03.2023 3075 Yangiliklar

 

Навоий вилояти транспорт бошқармасида “Навоий шаҳрида жамоат транспорти фаолиятини самарали йўлга қўйиш ҳамда такомиллаштириш” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

 

Транспорт вазирлиги мутасаддилари, Тошкент давлат транспорт университети профессор ўқитувчилари, вилоят ИИБ ЙҲХБ раҳбарияти ва ОАВ вакиллари иштирок этган тадбирда аҳоли сонининг йил сайин кўпайиши натижасида жамоат транспортига бўлган талаб ва эҳтиёж ҳам ошиб бораётгани таъкидланди.  

 

Шунинг учун аҳолига автотранспорт хизмати кўрсатишни яхшилаш, жамоат транспорти йўналишлари тармоғини кенгайтириш ва ҳаракат таркибини замонавий, экологик тоза автобуслар билан янгилаш борасида  кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.  

 

Президентимизнинг 2023 йил 16 февралдаги “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори дастуриламал вазифасини ўтамоқда. Қарорга асосан, аҳолининг юқори сифатли ва қулай йўловчи ташиш хизматларига бўлган эҳтиёжларини тўлиқ қондириш, соҳада бозор тамойилларини жорий этиш, хусусан молиялаштириш тизими ва тариф сиёсатини такомиллаштириш орқали хусусий сектор учун жозибали бизнес муҳитини яратиш мақсад қилинган.  

 

– Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда жамоат транспортидан самарали фойдаланиш билан боғлиқ бир қатор муаммолар ўз ечимини кутмоқда, – дейди Транспорт вазирлигининг ҳудудларда жамоат транспортини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Азиз Хўжанов. – Президентимизнинг жорий йилнинг 31 январь куни Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида жамоат транспортининг янги тизимини жорий этиш бўйича ўтказган йиғилишида жамоат транспортини тубдан ислоҳ этиш, мамлакатимизнинг туман ва шаҳарларида жамоат транспортини ривожлантириш, ҳудудларнинг унга бўлган эҳтиёжини қондириш, транспорт инфратузилмасини ташкил этиш, транспорт-логистика масалаларига илмий жиҳатдан ёндашиш каби вазифалар белгилаб берилган эди. Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, Тошкент давлат транспорт университети мутахассислари ҳамкорлигида жамоат транспортининг бугунги ҳолати, халқаро тажриба, соҳадаги мавжуд муаммолар, уларнинг ечими бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда.  

 

Мазкур қарорга кўра, мунтазам шаҳар автобус йўналишларида чекланган тарифлар бўйича йўловчилар ташишни брутто-шартнома асосида ташкил этиш ва молиялаштириш тизимини босқичма-босқич жорий этиш режалаштирилган. Бунда автобусда йўловчи ташиш хизматларини кўрсатувчи ташувчилар билан ҳисоб-китоблар “босиб ўтилган йўл” ва “сифат” мезонлари асосида ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади. Йўлкира ҳақи тушумлари ваколатли давлат органи тасарруфига ўтказилган ҳолда ташувчилар учун йўлкира ҳақини кунлик йиғиш режа-топшириғини белгилаш амалиёти бекор қилиниб, ҳар бир автобус йўналиши бўйича ташувчилар электрон тендер натижалари бўйича аниқланади. Тендер савдоларига чиқариладиган йўналиш қийматининг бошланғич нархи ҳар бир автобус йўналиши бўйича йўловчи ташиш билан боғлиқ харажатлар ҳамда рентабелликнинг 10 фоиз миқдори инобатга олинган ҳолда, ҳар бир километр босиб ўтиладиган масофа учун шакллантирилади.  

 

Матбуот анжуманида Тошкент давлат транспорт университети ўқитувчиси Умидилла Абдураззоқов Навоий шаҳрида транспорт тизимини такомиллаштириш, транспорт бош режасини ишлаб чиқиш босқичлари, транспорт оқими бўйича олиб борилган тадқиқот натижалари тўғрисида маълумот берди.  

 

– Навоий шаҳрида транспорт тизимини такомиллаштириш бўйича муҳандислик тадқиқот ишлари олиб борилди, – дейди У.Абдураззоқов. – Транспорт тизимининг жорий ҳолати, ижтимоий ва демографик маълумотлари жойига чиққан ҳолда шакллантирилди. Жамоат транспорти ҳаракатини аниқлаш ва кўрсатилаётган хизматлар сифатини баҳолаш мақсадида аҳоли ўртасида ижтимоий сўров ўтказилиб, йўллардаги транспорт оқими, жамоат транспорти ва бекатларда йўловчи оқимини ўлчаш ишлари олиб борилди. Ҳудудларда ўлчов ишлари ва сўровномаларда замонавий видеокузатув мосламалари, навигация дастурлари, интернет ҳамда ижтимоий иловалардан фойдаланилди. Ўрганиш ишлари 11 та йўналишда олиб борилиб, ҳар бир йўналиш икки кун давомида ўрганилди. Шунингдек, йўналишлардаги транспорт тезлиги, йўл ҳаракатини ташкил этиш воситаларига ҳам алоҳаида эътибор қаратилган.  

 

Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари томонидан жамоат транспортларининг бугунги кундаги аҳволи, йўналишларда ҳаракатланаётган транспорт воситаларининг йўловчи ташишдаги тартибсиз ҳаракати, автошоҳбекатлардаги ҳолатлар, нарх-навонинг белгиланиши, йўналишлар қамраб олинмаган ҳудудларда аҳоли учун яратилиши режалаштирилган чора-тадбирлар тўғрисида берилган саволларга мутахассислар томонидан батафсил  жавоб берилди.  

 

Матбуот анжуманида таъкидланганидек, Навоий шаҳрида автобус йўналишларининг янги тармоғини жорий этиш, автоматлаштирилган тўлов тизими ва автоматлаштирилган диспетчерлик хизматининг босқичма-босқич йўлга қўйилиши 2024 йил 1 июнигача якунланади. 2024 йил 1 июндан бошлаб эса мунтазам шаҳар автобус йўналишида чекланган тарифлар бўйича йўловчилар ташишни брутто-шартномаси асосида ташкил этиш ва молиялаштириш тизими босқичма-босқич ишга туширилади.  

 

Абдували Бўриев,  

Сирож Аслонов (сурат), ЎзА