Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Назарбекда янги транспорт ечими фойдаланишга топширилди

Чоп этиш Саҳифани улашиш
10.06.2023 2221 Yangiliklar

Бугун, 2023 йил 10 июнь куни Тошкент вилояти Зангиота тумани Назарбек шаҳарчасидаги автомобиль йўли билан темир йўл кесишмасида барпо этилган транспорт ечими фойдаланиш учун топширилди.

 

Таъкидлаш жоизки, Тошкент вилояти Зангиота тумани, Назарбек ҳудудини Тошкент шаҳри билан боғлайдиган ягона автомобиль йўлининг темир йўл билан кесишмасида автотранспорт воситалари кун давомида мунтазам тирбандликларда туриб қолиб, одамлар ишга, ўқишга, айниқса қутқарув хизмати ва тез тиббий ёрдам хизматларининг кечикишларига сабаб бўларди.


Ҳукуматимизнинг тегишли фармойиши (Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрель 198-Ф-сонли) асосида Тошкент шаҳридан “Туркистон” ширкат хўжалиги орқали Қозоғистон Республикаси чегарасигача олиб борадиган автомобиль йўлининг темир йўл билан кесишмасида:


- узунлиги 398 метр, кенглиги 22 метр ҳамда кўприк ости баландлиги 7 метр бўлган тоннел типидаги йўл ўтказгич;


- ушбу тоннел устидан ўтувчи узунлиги 32,5 метр, кенглиги 18,5 метр бўлган 3 изли темир йўл йўл ўтказгичи;


- 28 метр узунликдаги ва 12,5 метр кенгликдаги автомобиль йўл ўтказгичидан иборат бўлган транспорт ечимини қуриш лойиҳаси тасдиқланиб, 2021 йилнинг декабрь ойида темир йўл устидан йўл ўтказгични қуриш ишларининг қурилиш-монтаж ишлари бошланган.


Мазкур лойиҳа анча мураккаб ечимга эга. Қурилиш давомида лойиҳага асосан автомобиль йўл ўтказгичи ва темир йўл ўтказгичида ҳар бирида 3 тадан устунлар ўрнатилиб, жами 42 та темир-бетон оралиқ қурилмалар (балка) ва тоннел типидаги йўл ўтказгичда 521 та тиргак деворлар монтаж қилинди. Объектда 90 та ёритиш устунлари ҳамда 648 метр ҳимоя тўсиқлари ўрнатилди.


Бундан ташқари, ер ости, яъни автомобиллар ҳаракатланадиган қисмида ноқулай об-ҳаво шароитида, хусусан, меъёридан ортиқ ёмғирли кунларда сув тўпланиб, транспорт воситалари ҳаракатланишини қийинлаштирадиган ҳолатлар содир бўлишининг олдини олиш мақсадида сувни чиқариб ташловчи насос стансияси қурилди.


Объект қурилишида икки сменада 180 нафардан зиёд ишчи мутахассислар ва 40 дан ортиқ махсус қурилиш техникалари жалб қилинган. Мазкур иншоот фойдаланишга топширилгач, бу ердаги 4 тасмали автомобиль йўлидан суткасига ўртача 10 минггача бўлган автотранспорт воситаларини узлуксиз ўтказиш имкони мавжуд бўлади.


Бу эса маҳаллий аҳоли ва ушбу йўлдан ўтиб қайтаётган бошқа ҳайдовчиларнинг қимматли вақтлари тежалишига, автомобиллар тирбандлиги ҳосил бўлмаслиги натижасида атроф-муҳит экологиясининг мусаффолигини таъминлашга янада катта ҳисса қўшади.