Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Ноябрь ойидан Тошкент метрополитенида жетонлардан фойдаланиш тўхтатилади

Чоп этиш Саҳифани улашиш
08.10.2020 12344 Yangiliklar

 

     Бугунги кунда Тошкент шаҳри жамоат транспорти автобус ва метрополитенда автоматлаштирилган тўлов тизимини тўлиқ жорий этиш бўйича ишлар босқичма-босқич давом эттирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 ноябрдаги “Умумий фойдаланиладиган транспортда йўловчи ташишда йўлкира ҳақини тўлашнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан Тошкент шаҳар жамоат транспорти автобус ва метрополитен йўналишларида автоматлаштирилган тўлов тизимини жорий этиш ишлари доирасида 2020 йил 3 январдан эътиборан ягона транспорт карталари муомалага чиқарилган.

Ҳозирги кунда Тошкент метрополитенининг барча линияларидаги бекатлар йўл ҳақи тўловларини ягона транспорт карталари ва NFC банк карталари орқали амалга ошириш имкониятини берувчи статционар валидаторлар билан жиҳозланди.

Шу билан бирга пойтахтимизда йўловчиларга хизмат қилаётган “Тошшаҳартрансхизмат” АЖга қарашли 1000 дан ортиқ автобусларнинг барчаси электрон карталар орқали тўловларни амалга ошириш имконини берувчи мобил ва статционар валидаторлар билан тўлиқ таъминланди.

Навбатдаги босқичда йўловчиларнинг ягона транспорт карталари орқали йўл ҳақи тўловларни амалга ошириш кўламини кенгайтириш, автоматлаштирилган тизимнинг тўлақонли ишлаб кетиш жараёнини тезлаштириш, шунингдек, жамоат транспортида нақд пул муомаласидан воз кечиш мақсадида 2020 йил 1 ноябрдан Тошкент метрополитенида жетонлардан фойдаланиш тўхтатилишини маълум қиламиз.  

Эслатиб ўтамиз, ягона транспорт карталарининг ҳисобини метро кассалари, ойлик йўл чипталарини сотиш шаҳобчалари, инфокиосклар, барча электрон тўлов тизимлари, шунингдек, АТТО – мобил иловаси орқали тўлдириш имконияти мавжуд!

Ҳурматли йўловчилар, энди сиз шаҳобчалар ва кассаларга мурожаат этиб, ортиқча вақт сарфлашингизга ҳожат йўқ. Қолаверса, ўз саломатлигингизни асраш мақсадида ҳам йўл ҳақи тўловларини нақд пул кўринишида амалга оширишдан воз кечинг.

Йўл ҳақи тўловларини ягона транспорт карталари орқали амалга оширинг. Автоматлаштирилган тўлов тизими доирасида ушбу замонавий ва янги хизмат имкониятларидан фойдаланинг!