Қадрли ҳамкасблар! Ҳурматли темирйўлчилар!
Аввало, Сизларни — «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти ташкил этилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан чин дилдан муборакбод этаман.
Мустақиллик йилларида мамлакатимиз иқтисодий ва сиёсий фаровонлигини, шаҳар ва вилоятларимиз тараққиётини, қолаверса, халқимиз турмуш даражаси юксалишини, ҳеч шубҳа йўқки, темир йўллари фаолиятисиз, бу соҳа ходимларининг залворли меҳнатисиз тасаввур этиб бўлмайди. Ўтган йиллар давомида темир йўлларимиз ҳақиқатдан ҳам мамлакатимиз иқтисодиётини олға етакловчи локомотивга айланди.
Ўзбекистон темир йўллари ўзининг 30 йиллик тарихи давомида мураккаб шаклланиш ва жадал ривожланиш йўлини босиб ўтди ва бугунги кунда юртимизнинг барча минтақаларини ишончли боғлаш учун бамисоли қон томирлари каби ҳаётий зарур бўлган темир йўл транспорти коммуникацияларининг мустақил, ягона ва яхлит тизими сифатида самарали фаолият кўрсатмоқда.
Кўп миллатли темирйўлчилар жамоасининг фидокорона меҳнати натижасида ўтган 30 йил давомида мамлакатимизда 3000 километрга яқин темир йўл янгитдан қурилиб, қайта тикланди, яна 3000 километрдан ортиқ қисми эса электрлаштирилди. Бугун мамлакатимиз темир йўлларининг умумий узунлиги 7 ярим минг километрдан ошди.
Натижада Ўзбекистон темир йўллари трансминтақавий транспорт коридорларининг энг муҳим бўғини сифатида халқаро темир йўллар ташуви тизимида муносиб ўрин эгалламоқда. Шу билан бирга, юртимиз бўйлаб ташилаётган юкларнинг 60 фоиздан зиёди, йўловчиларнинг эса 75 фоиздан кўпи айнан темир йўл транспорти орқали ўз манзилларига хавфсиз етказилмоқда.
Эришилаётган ютуқлар корхона таркибида меҳнат қилаётган 70 минг нафар ходимнинг бирдамлиги, фидойилиги, машаққатли меҳнати самарасидир. Бугун шиддат билан ўзгариб бораётган замон матонатли темир йўлчиларимиз зиммасига халқимиз фаровонлигини янада ошириш жабҳасида ниҳоятда улкан вазифаларни юкламоқда. Бу, ўз навбатида, жамоамизни янги марраларлар сари илҳомлантиради.
Муҳтарам темирйўлчилар!
Ишончим комил, бой билимингиз ва кўп йиллик тажрибангиз, профессионал салоҳиятингиз, замон билан ҳамнафаслигингиз, фидокорона ҳамда ҳалол меҳнатингиз билан мамлакатимизда иқтисодиётнинг муҳим тармоғи сифатида транспорт коммуникацияларини жадал ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшишда давом этасиз.
Сиз, азизларни бугунги қутлуғ сана билан яна бир бор табриклаб, оилангизга тинчлик, сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, эзгу ишларингизда янги-янги муваффақиятлар ёр бўлишини, йўлларингиз доимо бехатар бўлишини тилайман.
Илҳом Махкамов,
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири